Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида марказий аппарат, тизимдаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Вазир Бобир Исломов раҳбарлигида бўлиб ўтган мазкур йиғилишда соҳада амалга оширилаётган ишлар ва келгуси режалар муҳокама қилинди. Йиғилишда қайд этилишича, давлат раҳбари томонидан соҳани ривожлантиришга қаратилаётган эътибор самарасида қатор ютуқлар қўлга киритиляпти. Хусусан, йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда, янги конлар ўзлаштирилмоқда ва хомашё ресурсларини самарали қайта ишлаш борасида илғор технологиялар жорий этилмоқда.

Шу билан бирга, йиғилишда соҳада кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бунда хорижий тажрибани ўрганиш, халқаро таълим дастурларини жорий этиш ҳамда илғор методикалардан фойдаланиш долзарб вазифалардан биридир. Шундан келиб чиқиб, бу жараёнда инсон ресурсларини тўғри бошқариш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Йиғилиш давомида ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди. Президентнинг тегишли фармонига асосан Рустам Юсупов тоғ-кон саноати ва геология вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди. Шунингдек, Ҳукумат қарорига мувофиқ, Аъзам Қодирхўжаев Геология фанлари университети ректори этиб тайинланди.

Таъкидланишича, мазкур ўзгаришлар ва ютуқлар соҳа равнақида муҳим ҳисобланади. Айниқса, малакали кадрларни тайёрлаш, инновацион ечимларни жорий этиш ва тармоқни янада ривожлантириш бўйича тизимли чора-тадбирлар бу жараёнлар натижадорлигини оширишга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА