Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тоғ-кон ва геология соҳасида иш ўринларини яратиш борасида қандай чоралар кўрилмоқда?
17:08 / 2023-09-21

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ҳамда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ҳамкорлигида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг тоғ-кон саноати ва геология соҳасида яратилаётган янги иш ўринлари ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси Нодир Жумаев мамлакатимизда ер ости бойликларидан оқилона фойдаланиш, ер қаърини комплекс геологик ўрганиш, соҳада янги иш ўринларини яратиш муҳим масалалардан бири эканини таъкидлади. Соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.    

— Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида 2018 йилда Россиянинг “МИСиС” университети филиали, 2020 йилда Геология фанлари университети, 2021 йилда Италиянинг Пиза университети филиали, 2022 йилда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ташкил этилди, — деди Тоғ-кон саноати ва геология вазири маслаҳатчиси Нодир Муҳиддинов. — Бугунги кунда вазирлик тизимида 122 ярим мингдан ортиқ ишчи ва хизматчи ходимлар фаолият олиб бормоқда.  

2024-2030 йиллар давомида соҳадаги ходимлар сони 205 минг 910 нафар бўлиши белгиланган. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ер қаъридан фойдаланиш йўналишида яратилаётган имкониятлар доирасини кенгайтириш мақсадида геология, фойдали қазилмаларни саноат миқёсида ўзлаштириш, қазиб олиш йўналишларида кўрсатилаётган давлат хизматлари орқали 2030 йилга қадар 51 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.  

Шунингдек, 2023 йилда соҳада амалга оширилаётган 39 та инвестиция лойиҳаси доирасида 1 минг 802 та янги иш ўринлари яратилади. Жорий йилда вазирлик таркибига кирувчи йирик корхоналар томонидан амалга оширилаётган 24 та инвестиция лойиҳаси доирасида 1 минг 602 та, 2024-2030 йилларда соҳада тоғ-кон саноати ва металлургия йўналишида 44 та йирик инвестиция лойиҳаси доирасида 20 минг 384 та иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Геология йўналишида ҳам инвестиция дастури асосида 15 та инвестиция лойиҳаси доирасида 3 минг 810 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган. Вазирлик томонидан ишлаб чиқилаётган инвестиция лойиҳалари доирасида қўшимча равишда жами 5 минг 800 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.    

Муҳокамалар давомида депутатлар тоғ-кон саноати ва геология соҳаси муҳим йўналишлардан бири эканини таъкидлаб, соҳага тадбиркорлар ва инвесторларни жалб қилиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва янги иш ўринларини яратиш, шунингдек, таълим, илм-фан ва инновацион ечимларни интеграциялаш борасида қатор таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.    

 

М.Комилова,  

ЎзА