Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тоғ-кон саноатида экологик барқарорликни таъминлаш учун қандай чоралар кўрилмоқда?
19:09 / 2025-12-25

Тоғ-кон саноатида экологик барқарорлик нафақат табиатни муҳофаза қилиш, балки иқтисодий ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки минерал хомашёларни қазиб олиш жараёнида тупроқ, сув ресурслари ва ҳаво ифлосланиши мумкин, шунингдек, биологик хилма-хиллик ва экотизимларга салбий таъсир кўрсатади.

Хўш, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги тизимида экологик барқарорлик принципларига амалга қилиш қандай натижалар  бермоқда. Бу ҳақда вазирлик бошқарма бошлиғи Мақсуд Болибеков қуйидагиларни маълум қилди:

–Тоғ-кон саноати мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, ушбу соҳада барқарор ривожланишни таъминлаш экологик масъулият, замонавий ёндашувлар ва халқаро стандартларга мувофиқ бошқарувни талаб этади. Шу мақсадда, вазирлик тизимида сўнгги йилларда қатор аниқ ва амалий чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Аввало, республикада амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига тўхталиб ўтмоқчиман. 2025 йилнинг январь-ноябрь ойларида вазирлик тизимида жами 1 миллион 100 минг тупдан зиёд манзарали, мевали ва бута кўчатлари экилди. Ушбу кўчатлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, “Yashil makon” электрон платформасига киритилди. Сув таъминоти чекланган ҳудудларда томчилатиб суғориш тизимлари жорий этилди, ҳар бир кўчатнинг камида уч йил давомида парвариш қилиниши таъминланмоқда.

Шу билан бирга, йирик саноат корхоналари ҳудудларида ва унга туташ майдонларда яшил ҳудудлар ташкил этиш ишлари изчил давом этмоқда. Жумладан, “Олмалиқ КМК”, “Навоий КМК”, “Навойиуран” ва “Ўзметкомбинат” корхоналари томонидан камида 5 гектардан иборат яшил ҳудудлар барпо этилди. Бўстонлиқ туманидаги 65 гектар майдонда ташкил этилган “Вазирлик боғи”да замонавий суғориш инфратузилмаси яратилди. Хумсон маҳалласи ҳудудида эса 6,4 гектар майдонга 3,2 минг туп олма кўчатлари экилди.

Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ҳам устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. 2025 йилда корхоналарда чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш, мавжуд тизимларни модернизация қилиш ва экологик мониторингни кучайтириш бўйича ишлар амалга оширилди. Хусусан, Навоий кон-металлургия комбинатида самарадорлиги 95-99 фоиз бўлган 263 та чанг-газ тозалаш ускуналари фаолият юритмоқда, йил давомида қўшимча янги ускуналар ҳам ўрнатилди. Олмалиқ кон-металлургия комбинатида эса мис эритиш ва рух заводларида аспирация тизимлари тубдан янгиланди.

Экологик барқарорликни таъминлашда ер майдонларини рекультивация қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2025 йил давомида фойдали қазилмаларни қазиб олиш натижасида бузилган жами 2 085 гектар ер майдонида рекультивация ишлари амалга оширилди. Бу белгиланган режадан юқори кўрсаткичдир. Қайта тикланган ер майдонлари ваколатли идоралар ва маҳаллий ҳокимият вакиллари иштирокида далолатномалар асосида қабул қилиб олинмоқда.

Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳам соҳадаги муҳим йўналиш ҳисобланади. Айланма сув таъминоти тизимларини жорий этиш ҳисобига НКМКда 34 миллион куб метр қайта ишланган сувдан фойдаланилиб, бу умумий истеъмолнинг қарийб 30 фоизини ташкил этди. ОКМКда эса халқаро ҳамкорлик доирасида илғор сув тозалаш технологиялари жорий қилинди.

Шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш борасида ҳам аниқ натижаларга эришилмоқда. НКМКда умумий қуввати 9550 киловатт бўлган фотоэлектр станциялари ишга туширилди. Бундан ташқари, вазирлик тизимидаги бир қатор корхоналарда қуёш фотоэлектр станциялари ва геоколлекторлар ўрнатилган.

Корхоналар томонидан халқаро ESG стандартлари асосида барқарор ривожланиш ҳисоботлари тайёрланиб, халқаро рейтингларда ижобий баҳоланмоқда. Бу эса тоғ-кон саноатида экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётганини кўрсатади.

Хулоса қилиб айтганда, 2025 йилда вазирлик тизимида амалга оширилган экологик чора-тадбирлар ишлаб чиқаришни экологик хавфсиз ташкил этиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган изчил сиёсатнинг амалий натижасидир.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА