Бугун Тошкентда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда тизимдаги корхона, ташкилот, муассасалар ўртасида “Заковат” интеллектуал мусобақаси ўтказилди. Унда 50 дан зиёд жамоа вакиллари ўз билим ва салоҳиятини намойиш этди.
Тадбирнинг тантанали очилишида тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Урал Юсупов сўзга чиқиб, мазкур мусобақанинг аҳамияти, соҳа ходимлари ўртасида интеллектуал салоҳиятни юксалтириш ва жамоавий руҳни мустаҳкамлашдаги ўрнига алоҳида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, ёшлар мамлакатнинг интеллектуал ва иқтисодий ривожи учун муҳим ресурс ҳисобланади. “Заковат” интеллектуал мусобақасида уларнинг фаол иштироки шуни кўрсатдики, ёш авлод замонавий ёндашувлар, инновацион ечимлар ва ижодий ғоялар билан соҳани ривожлантиришга тайёр. Бундай тадбирлар ёшларни соҳага кенг жалб қилиш, уларнинг касбий ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда соҳада барқарор кадрлар авлодини тайёрлашда муҳим сиёсий ва стратегик аҳамиятга эга.
[gallery-26087]
– “Заковат” фақатгина билим синови эмас, балки фикрлаш, таҳлил қилиш ва тезкор қарор қабул қилиш қобилиятини намоён этувчи муҳим майдондир. Шу ўринда айтиш керакки, ёшларнинг фаол иштирокини эътироф этмаслик мумкин эмас. Ушбу мусобақада қатнашган ёшлар нафақат ўз билим ва салоҳиятини намойиш этди, балки геология ва тоғ-кон саноати соҳасининг келажак мутахассислари сифатида ўзлари учун тажриба орттирди. Уларнинг иштирокини рағбатлантириш, касбий ва интеллектуал ривожланишини қўллаб-қувватлаш соҳада янги фикрлар ва замонавий ечимлар пайдо бўлишига хизмат қилади. Бундай тадбирлар ёшларни соҳага жалб қилиш ва уларнинг амалий кўникмаларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади, – деди У.Юсупов.
Иштирокчилар орасида “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг Марказий кон бошқармаси ёшлари ўз фаоллигини кўрсатди.
– Комбинат мамлакатимиздаги энг йирик корхоналардан бири ҳисобланади. Комбинатда 12 мингдан зиёд ёшлар меҳнат қилади. Уларнинг 6 мингдан ортиғи бошқармамизда ишлайди. Умуман, бу каби ўйинларни биз мунтазам ташкил қиламиз. Бугунги мусобақада улар орасидан сараланган ёшларимиз иштирок этди. Асосий мақсадимиз ёш кадрлар ўртасида мулоқотни ташкил этиш ва ўзаро тажриба алмашиш муҳитини яратишдир, – деди “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг Марказий кон бошқармаси ёшлар етакчиси Саодат Бобоёрова.
Мусобақада жамоалар фан, техника, тарих, геологияга оид саволларга жавоб беришда ўз билим ва зийраклигини намоён этди. Ғолиб ва совриндор жамоалар ташкилотчилар томонидан диплом, эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА