Тоғ-кон саноати ва геология сектори Ўзбекистон иқтисодиётининг стратегик йўналишларидан биридир. Бу соҳадаги корхоналарнинг самарадорлигини таъминлаш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва бошқарув жараёнларини такомиллаштириш доимий устувор вазифалардан саналади.
Шу боис, замонавий бошқарув усуллари ва инновацион ёндашувлар соҳанинг ривожланиши учун муҳим аҳамият касб этади.
Вазирлик ва “UzAssets” АЖ ҳамкорлигида ташкил этилган “Операцион самарадорлик” бўйича тадбир соҳадаги мутахассис ва раҳбарлар учун билим ва тажриба алмашиш, замонавий бошқарув усулларини амалиётда қўллашга имконият яратди.

Хусусан, унда операцион жараёнларнинг самарадорлигини ошириш, харажатларни қисқартириш ва ресурслардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, соҳада амалга оширилаётган лойиҳалар ва кейслар ҳақида фикр алмашилди, энг самарали тажрибалар ва илғор методлар тақдим этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 ноябрдаги тегишли фармойишида белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлашга қаратилган тадбирда иштирокчиларга операцион самарадорликни ошириш ва замонавий бошқарув усулларини самарали қўллаш бўйича амалий билимлар тақдим этилди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, бундай тадбирлар соҳада узоқ муддатли самарадорликни таъминлаш, инновацион ёндашувларни кенг жорий қилиш ва иқтисодий самарани оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА