Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Тоғ-кон саноати ва геология соҳасида фаолият юритаётган ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Тоғ-кон саноати ва геология соҳасида фаолият юритаётган ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда:
малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларининг мақсади ҳамда вазифалари;
Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчиларини аттестациядан ўтказиш тартиби белгилаб берилган.
Қарорга мувофиқ, “Тоғ-кон ва геология соҳаси ходимлари малакасини ошириш институти” давлат муассасаси тоғ-кон ва геология соҳасида фаолият юритаётган ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича масъул ҳисобланади ҳамда шартнома асосида хизматлар кўрсатади.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда унинг тизимига кирувчи ташкилотлар, шунингдек, “Навоий КМК” АЖ, “Олмалиқ КМК” АЖ, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” АЖ, “Ўзбеккўмир” АЖ, “Шарғункўмир” АЖга ўз ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича Институт билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш ҳуқуқи берилади.
Ушбу Низом тоғ-кон тармоғи, геология, ер қаъридан фойдаланиш ҳамда кончилик, портлатиш ишлари, портловчи материалларнинг айланмаси соҳасида фаолият юритувчи ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.
Ўқув курсларида ходимлар:
ходимларнинг касбий ва малака даражасини мунтазам ошириш асосида қонунчилик нормалари, назарий, амалий, илмий тадқиқотлар натижалари, технологик тараққиёт ва ўқитилаётган фанлар бўйича инновациялар, шунингдек, тоғ-кон саноати ва геология соҳасидаги сўнгги замонавий техник ва технологик ютуқларни чуқур ўрганиш;
юқори самарали замонавий ва инновацион технологияларни, илғор хорижий тажрибани кенг жорий этган ҳолда, ходимлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш услубларини янгилаш;
малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув жараёнларига замонавий ахборот технологияларини ва сунъий интеллектни жорий этиш бўйича ўз малакаларини оширишади.
Мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш буюртмачининг буюртмасига биноан ўзаро хўжалик шартномаси асосида мазкур Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги тизимидаги ташкилотларнинг барча раҳбар ва муҳандис-техник ходимлари ҳар 3 (уч) йилда бир маротаба малака ошириш курсига жалб қилинади.
ЎзА