Маълумки, тоғ-кон саноати ва геология соҳаси мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллайди. Бу тизим нафақат қимматли металлар ва минераллар захираларини самарали қазиб чиқариш, балки янги иш ўринлари яратиш, юқори технологияларни жорий этиш ва илмий-тадқиқот ишларини ривожлантиришда ҳам аҳамиятли.
Шунингдек, геология атроф-муҳитни сақлаш, табиий ресурсларни оқилона бошқариш ва мамлакатнинг барқарор иқтисодий ривожланиши учун асосий йўналишлардан. Бугунги кунда мазкур соҳаларни янада такомиллаштиришда ўқув ва амалиёт тадбирларини ўтказиш ҳар жиҳатдан муҳим ҳисобланади.

“Ўзбек геология қидирув” АЖ таркибидаги Тошкент марказий геология қидирув экспедициясида ташкил этилган тадбирда шу хусусда сўз юритилди.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ходимлари иштирок этган ўқув-амалий семинарда мазкур соҳалар сарҳисоби, тадқиқот, амалиёт ва жараёнларни ўрганишда замонавий усуллар аҳамиятига урғу берилди.

Мутахассислар фикрига кўра, геология соҳасида амалиётнинг самарали бўлиши учун майдон тадқиқотлари ва экспедиция фаолияти, лаборатория ишлари ҳамда олинган намуналарни тўғри ҳужжатлаштириш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, замонавий бурғилаш ускуналари ва геоинформацион технологиялардан фойдаланиш, ходимларнинг юқори малакаси ва тайёргарлиги, соҳа стандартлари ҳамда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш талаб этилади. Амалиётда турли экспедициялар ва лабораториялар орасида билим ва тажриба алмашиш ҳам соҳанинг ривожланиши ва самарадорлигини таъминлайди.

Шунга асосан тадбир дастури доирасида иштирокчилар дастлаб Олмалиқ дала экспедицияси фаолиятини ўрганди. Улар ер юзи ва геологик қазишмалардаги ишлар жараёнини кузатиб, соҳада амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш имконига эга бўлди. Шундан сўнг улар Мискон конига бориб, у ердаги геология-қидирув жараёнларини батафсил ўрганди, бурғилаш қудуқларидан олинган керн намуналари билан ишлаш, уларни ҳужжатлаштириш, майдалаш ва таҳлил қилиш жараёнлари билан танишди.
–Геология соҳасида амалиёт фақат назарий билим билан чекланмаслиги керак, – деди Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги бош мутахассиси Саидаъзам Ҳабибуллаев. – Майдон тадқиқотлари ва лаборатория ишларидаги реал тажриба ходимларнинг касбий малакасини мустаҳкамлайди ва янги технологияларни самарали жорий қилиш имконини беради. Шунингдек, бу жараёнлар ходимларнинг масъулиятлилик ва ҳамжиҳатлик ҳиссини ошириб, соҳанинг ривожига қатор ижобий таъсир кўрсатади.
Семинар давомида Шарқий-Қурама дала экспедицияси лаборатория комплекси фаолияти ҳам амалиёт асосида тақдим этилди. Бу эса иштирокчиларга лабораториядаги замонавий асбоб-ускуналардан фойдаланиш, геологик намуналарни таҳлил қилиш ва таҳлил натижаларини тўғри ҳужжатлаштириш бўйича амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш имконини берди.
Тадбир якунида иштирокчилар таъкидлаганидек, бундай семинарлар ходимлар малакасини ошириш, соҳадаги янгиликлар ва замонавий усуллар билан танишиш ҳамда Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини ривожлантиришга қаратилган амалий тажриба алмашуви учун муҳим аҳамиятга эга.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА