Бугун Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида барпо этилаётган “Қуйи Чотқол” ГЭС қурилиши объектига пресс-тур ташкил этилди. “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ахборот хизмати ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Дастлаб “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Беҳзод Амирсаидов мазкур экологик объектнинг қурилиши ва унинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.
Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш, хусусан, гидроэнергетика тармоғини янада ривожлантириш борасида кенг кўламли амалий ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан гидроэнергетик салоҳияти юқори бўлган ҳудудларда янги ГЭСлар қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда.
– Хусусан, ушбу гидроиншоот Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 январдаги “Чотқол дарёсида Қуйи Чотқол ГЭС қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Жамиятимиз Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чотқол дарёсида мазкур лойиҳани изчил давом эттирмоқда. Лойиҳа доирасида ҳар бири 22,5 МВт қувватга эга бўлган 4 та гидроагрегат ўрнатилиши мўлжалланган бўлиб, "Қуйи Чотқол" ГЭСнинг умумий ўрнатилган қуввати 90 МВтни ташкил этади. ГЭС фаолияти бошланганидан сўнг йилига ўртача 300 миллион кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу кўрсаткич тахминан 125 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.
ГЭСнинг ишга туширилиши 81 миллион м³ табиий газ ёки 250 минг тонна кўмирни тежаш имконини яратади. Шу билан бирга, иншоот гидрологик режим ва гидробиологик объектларга таъсир этмайди, табиатга зарар етказмайди, – деди Б.Амирсаидов.
Қурилиш доирасида Ўзбекистон ва Марказий Осиёда илк бор босиб зичланган бетон (RCC) технологияси асосида бетон тўғон қурилмоқда. Унинг баландлиги 60 метр, узунлиги 270 метр, устки қисми эни 7,5 метр бўлиб, сув омборининг ҳажми 6,8 миллион м³ни ташкил этади.
Ушбу технология лойиҳани амалга ошириш муддатини 2 баробарга қисқартириб, кунлик сув сарфини самарали бошқаришга хизмат қилади. Бу эса ГЭСнинг электр энергиясига талаб юқори бўлган соатларда ишлаб чиқариш имконини беради. Бетонни босиб зичлаш жараёнида катлам-қатлам ётқизиш, махсус машиналар орқали текислаш ва зичлаш орқали бетоннинг мустаҳкамлиги оширилади.
Асосий лойиҳа “Ўзбекгидроэнерго” таркибидаги “Гидропроект” АЖ томонидан ишлаб чиқилмоқда. Шу билан бирга, техник ечимлар мураккаблиги ва геологик шароитларни инобатга олган ҳолда Туркия ва Эроннинг илғор компаниялари ҳам жалб этилган.
Қурилиш лабораторияси муҳандиси, эронлик Мейсам Камолпур ушбу объектда ишлаётганидан мамнун эканини билдирди.
— Биз бу ерда асосан гидроиншоотларнинг сифат назорати билан шуғулланяпмиз. Яъни, бетон намуналарини олиб, уларнинг мустаҳкамлик кўрсаткичларини лабораторияда синаймиз. Шунингдек, қурилишда қўлланилаётган барча материаллар — темир, цемент, қум ва шағалнинг техник талабларга мувофиқлигини текширамиз. Бу ишлар гидро электр станциянинг хавфсиз ва самарали ишлаши учун жуда муҳим, — деди у.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, цементация ишлари учун Германиянинг GERTEK компанияси ишлаб чиқарган автоматик ускуна қўлланилмоқда. Бу ускуна масофадан бошқариш имкониятига эга бўлиб, реал вақтда назорат қилинади. Тўғоннинг мустаҳкамлиги ва сув ўтказмаслигини таъминлаш мақсадида цементация пардаси ишлари олиб борилмоқда.
Қўшма котловандан олинган грунтлар қурилиш майдонида қуввати 500 тонна/соат бўлган заводда қайта ишланиб, қум ва чақиқ тош кўринишида бетон таркибига қўшилади. Шунингдек, тўғон ювиш галереясида М800 маркали мустаҳкам бетондан фойдаланилмоқда.
Шунингдек, бетонни ташиш учун замонавий тасмали конвейер технологияси жорий этилган бўлиб, бундай ечимдан дунёда фақат АҚШ, Канада, Италия, Эрон ва Ўзбекистонда фойдаланилмоқда.
Ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистон тарихида илк бор тўғон ва ГЭС биноси яхлит иншоот сифатида, жаҳон стандартларига мувофиқ барпо этилмоқда.
[gallery-23531]
Объект фойдаланишга топширилгандан сўнг, 120 нафардан зиёд маҳаллий ёш мутахассис доимий иш ўрнига эга бўлади.
Чотқол дарёсининг гидроэнергетик салоҳиятини амалга ошириш орқали нафақат Тошкент вилоятининг энергетик мустақиллиги таъминланади, балки аҳоли экологик тоза ва арзон электр энергияси билан таъминланади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА