Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилоят бўлими ҳамда “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси ҳамкорлигида Қизилтепа туманидаги “Тўдакўл” дам олиш масканининг туризм салоҳияти, амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси, аҳолига яратилаётган қулайликлар билан яқиндан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.
20 гектардан ортиқ майдонни ўз ичига олган “Тўдакўл” дам олиш масканида бугунги кунда туризмни ривожлантириш орқали тадбиркорлик субъектлари учун қулай шароитлар яратилган. 74 ўринли меҳмонхона, 196 ўринли коттежлар, пляж, сузиш ҳавзаси, спорт ва болалар майдончалари дам олувчиларга хизмат кўрсатади. Бу имкониятлар маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун мавжуд ресурслардан самарали фойдаланишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Ёз мавсумида масканга ташриф буюрувчилар табиат гўзаллигидан баҳра олиб, мароқли ҳордиқ чиқариш баробарида ўз саломатлигини ҳам тиклайдилар.
[gallery-24034]
– Мавсум бошлангандан бери комбинатнинг 600 нафарга яқин ишчи-ходимлари келиб дам олишди, – дейди дам олиш маскани бошлиғи Сирож Орипов. – 1 майдан 15 сентябргача бўлган даврда НКМК ишчилари оиласи, фарзандлари билан келишади. Бу ерда сув ҳавзаси, йод бромли ванналар, спорт билан шуғулланиш учун барча шароит мавжуд. Дам олувчилар 3 маҳал овқат билан таъминланади. Йод бромли сувимиз инсон организми учун фойдали ҳисобланади. Бу сув 250 метр чуқурликдан 45 даража иссиқликда чиқади. Масканимизга ташриф буюрувчилар ҳам дам олишлари, ҳам даволаниш имкониятига эга. Пляжимизда 300 га яқин ўриндиқлар мавжуд. Болалар учун алоҳида аква паркимиз бор. Бундан ташқари, қўшимча хизмат турлари ҳам йўлга қўйилган.
Тадбирда журналистлар ушбу “Ёз – 2025” мавсумида дам олувчилар учун яратилган янги имконият ва қулайликлар, хавфсиз ҳордиқ чиқариш учун алоҳида қўриқлаш, махсус тиббий хизмат, фавқулодда вазиятлар хизматлари фаолияти ҳамда 50 нафарга яқин мавсумий ва доимий ишчи-ходимлар учун қуриб фойдаланишга топширилган ётоқхонадаги шароитлар билан ҳам танишдилар. Шунингдек, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.
Кўл манзаралари билан уйғун кечган тадбир оммавий ахборот воситалари вакиллари учун қизиқарли ва мазмунли, таассуротларга бой бўлди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/pKgw6BzW_ek?si=GSo-G7SA1OqD86sU" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, С.Аслонов (сурат,видео), ЎзА мухбирлари