Тобиас Эллвуд: Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлиги кўплаб соҳаларда изчил ривожланмоқда
ЎзА мухбири мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг ташқи ишлар ва ҳамдўстлик ишлари бўйича вазири ўринбосари Тобиас Эллвуд билан мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги аҳволи ва истиқболлари ҳақида суҳбатлашди.
Буюк Британия Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим савдо-иқтисодий ҳамкорларидан биридир. Мамлакатларимиз ўртасида имзоланган қатор ҳужжатлар, жумладан, даромадларнинг икки томонлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик, даромад ва капитал солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф этишга, инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилишга, иқтисодиёт, таълим, фан ва маданият, ҳаво транспорти, сайёҳлик соҳаларига оид битимлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.ЎзА мухбири мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг ташқи ишлар ва ҳамдўстлик ишлари бўйича вазири ўринбосари Тобиас Эллвуд билан мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги аҳволи ва истиқболлари ҳақида суҳбатлашди.
– Ўзбекистон билан Буюк Британия ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб йўналишларда изчил ривожланмоқда, – деди Тобиас Эллвуд. – Мамлакатингизга ташрифимдан асосий мақсад ўзаро муносабатларни янада фаоллаштириш ва мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама этишдан иборат.
Ташриф доирасида қатор вазирлик ва идораларда минтақавий хавфсизлик ва бошқа масалалар юзасидан музокаралар ўтказдик. Ўзбекистон парламенти фаолияти билан танишув менда катта қизиқиш уйғотди. Учрашувлар чоғида савдо-иқтисодий имкониятлар, Британия Кенгаши ҳамда “Chevening” стипендия дастурининг таълим соҳасига кўмаги ҳам муҳокама қилинди.
Мамлакатингизда иш юритаётган британиялик бизнес вакиллари фаолияти билан танишганимдан, Тошкентдаги халқаро Вестминстер университети талабалари, “Chevening” стипендияси соҳиблари билан мулоқот қилганимдан мамнунман. Ўзбекистон келажаги бўлган истеъдодли ёшлар кишининг ҳавасини келтиради.
Ўзбекистон билан Буюк Британиянинг ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш имкониятлари кенг. Ўйлайманки, ўтказилган учрашувлар икки томонлама муносабатларнинг янги қирраларини кашф этиш, ўзаро ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга ҳисса бўлиб қўшилади.
– Ўзбекистон билан Буюк Британия ўртасидаги ҳамкорликнинг, жумладан, савдо-иқтисодий муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида фикрларингизни баён қилсангиз.
– Ўзбекистонда Буюк Британиянинг қатор компаниялари иш юритаётгани қувонарлидир. Улар сафини кўпайтириш учун барча имкониятлар мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида бу масала бўйича фикр алмашдик.
2015 йилда Ўзбекистон билан Буюк Британия ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 105,7 миллион долларни ташкил этди. Ўзбекистондан Буюк Британияга 32,8 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди, Буюк Британиядан Ўзбекистонга 72,9 миллион долларлик товарлар импорт қилинди. Ўзбекистон бозорининг салоҳияти мазкур кўрсаткичларни янада ошириш имконияти катта эканидан далолат беради.
Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон – Буюк Британия кенгаши аъзолари икки томонлама савдо алоқаларини ривожлантириш йўлида самарали фаолият олиб бормоқда. 1994 йили ташкил этилган мазкур кенгаш мамлакатларимиз ишбилармонлари ҳамкорлигини янада кенгайтиришда муҳим роль ўйнамоқда. Кенгаш мажлислари Буюк Британия компанияларига Ўзбекистон бозори таклиф этаётган имкониятлар ва кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар билан яқиндан танишиш, фойдали мулоқот ва учрашувлар ўтказиш, ўзаро тажриба алмашиш имконини бермоқда. Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон – Буюк Британия кенгашининг сўнгги мажлиси Лондонда 2015 йил ноябрь ойида бўлиб ўтди. Ушбу анжуман савдо, иқтисодиёт ва саноат соҳаларида қатор истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича келишувларга эришиш, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш имконини берди.
Ўзбекистонда иқтисодиёт соҳасини изчил ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни мунтазам кузатиб бораман. Буюк Британия компаниялари Ўзбекистон тараққиётини бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлишига ишонаман.
– Сизнингча, Ўзбекистон билан Буюк Британия ўртасидаги маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик қандай самаралар бермоқда?
– Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мамлакатларимиз ўртасида таълим ва маданият соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, бу борадаги илғор тажрибаларни оммалаштиришга фаол ҳисса қўшмоқда. Уильям Шекспир таваллудининг 450 йиллиги муносабати билан “Ҳамлет” спектакли Ўзбекистонда британиялик ижодкорлар томонидан намойиш этилди. Ўзбек Миллий академик драма театрида ташкил этилган “Шекспир Ўзбекистонда”, британиялик рассом ва ҳайкалтарош Генри Мур кўргазмалари ўзбекистонлик санъат мухлисларида катта қизиқиш уйғотгани қувонарлидир.
Британия Кенгаши Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда инглиз тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирлар халқларимизни янада яқинлаштиради, икки давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларни изчил ривожлантиришга хизмат қилади.