Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўтмишнинг қора саҳифалари: ўзбек истеъдодлари қуруқ бўҳтон ва туҳматлар билан жисман йўқ қилинган кун...
09:25 / 2020-08-31

Собиқ Иттифоқ тарихида миллионлаб фуқароларнинг қонлари билан ёзилган саҳифалар мавжуд.


Собиқ Иттифоқ тарихида миллионлаб фуқароларнинг қонлари билан ёзилган саҳифалар мавжуд. Бу мустабид совет тузумининг қатағонлик сиёсатидир. Бу сиёсат миллатнинг энг илғор кишиларини, зиёлиларини йўқ қилишга қаратилган эди.

XX аср бошларида авж олиб кетган ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар Туркистон халқларининг Ватан озодлиги, халқларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, миллий ўзликни англаш, мустабид тузумнинг ортиб бораётган жабр-зулми ва бедодлигига қарши кураши тарихимизнинг унутилмас саҳифаларидир. Чунки бу даврда халқнинг кўзга кўринган вакиллари, маърифатпарвар зиёлилари, давлат ва фан арбоблари, маданият ходимлари қатағон сиёсатининг қурбони бўлишди. Улар ўз вақтида халқи, юрти учун қилган хайрли ишлари эвазига кўрган азобу уқубатлари, фожиали қисматлари ва оилаларининг сарсон-саргардонлиги етмаганидек, номлари халқ орасида бадном қилинди, «халқ душмани» деган «тамға» қўйилди.

1937-1939 йилларда Ўзбекистонда ҳаммаси бўлиб 43 мингдан зиёд киши қамоққа олинган. Улардан 6 920 нафари отиб ташланган, 37 минг нафари турли муддатга қамоқ ва сургунларга ҳукм қилинган. Бу бедодликни ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Туркистон тарихидаги энг қонли кун - 1938 йил 5 октябрда, Бўзсув канали бўйида - Алвасти кўприк ёнидаги тепаликда ўзбек миллатининг энг кўзга кўринган 507 нафар зиёлилари «халқ душмани» сифатида қатл этилган.

 Улар орасида ўзбек адабиётининг устунларидан бўлган Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Ғози Юнус, Абдулмажид Қодирий (Қодиров), давлат арбоби Файзулла Хўжаев каби истеъдодлар қуруқ бўҳтон ва туҳматлар асосида жисмонан йўқ қилинди. Маҳаллий халқ вакилларининг эслашларича, кечаси соат 2:00 лар атрофида НКВД ходимларининг отган ўқ овозлари, жон таслим қилаётган маҳбусларнинг инграшлари юракларни ларзага келтирган, ерли халқни, ёш болаларни ваҳимага солган.

Туркистон ва Бухоро ҳукуматларининг ташаббуси билан Германияга, Туркияга ўқишга юборилган Ф.Хўжаев, Т.Рисқулов, А.Раҳимбоев, Фитрат каби давлат арбоблари, хорижда ўқиб қайтган А.Муродий, С.Жаббор, С.Муҳаммад, Ф.Шераҳмедов сингари агроном, генетик, тиббий олимлар, журналистлар, педагоглар, асоссиз равишда немис жосуслари, у ердаги аллақандай миллатчилик ташкилотининг аъзолари сифатида айбланди, ўзбеклардан чиққан дастлабки фотограф ва кинемотограф Худойберди Девонов ҳам репрессия сиёсати қурбони бўлди. Энг ачинарлиси, чуқур суриштирув ишлари олиб бормасдан юзаки, сохта, бўҳтон айбловлар юртимизнинг не-не иқтидорларининг умрига зомин бўлди. 

Инсон ҳуқуқлари ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин қатағонларнинг янги оқими бошланди. Бу оқим ҳам асосан шоир ва ёзувчилар, фан ва маданият ходимларини ўз домига тортди. 1980 йилларга келиб « пахта иши», «ўзбеклар иши» деб ном олган сохта атамалар билан қатағонларнинг янги тўлқини амалга оширилди. Минглаб илғор пахтакорлар, заҳматкаш инсонлар тизимнинг қурбони бўлди. Ўйлаб топилган жиноий ишлар ортидан халқнинг миллий ғурури ва шаънини ерга уриш мақсад қилинган бўлса, ажаб эмас. Тарих - ўтмиш ва келажак орасидаги кўприкдир. Буюк ва бой ўтмишимиз ана шу кўприкнинг мустаҳкамлигини англатади. Лекин ўтмишнинг қора саҳифалари ҳам борлигини унутмаслик лозим. Бугунги тезкор, шиддатли, ахборот алмашинуви жадаллашган бир замонда келажак эгалари бўлган ёшларимизни ахборот хуружларидан асраш, турли ёт мафкуралар ва ахборотлар таъсирига тушиб қолмаслигини таъминлаш ҳар бир фуқаронинг бурчидир.

Бугун юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, Ватанимиз мустақил, халқимиз озод. Шу кунларни орзу қилиб, жонларини фидо қилган юртдошларимиз номларини тиклаш, асарларини излаб топиш, китоб ҳолида чоп этиш ва кейинги авлодга қолдириш имконияти бизнинг зиммамиздаги масъулиятдир. Қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш мақсадида 2000-2002 йилларда «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуаси, «Қатағон қурбонлари хотираси» музейи барпо қилинди. 31 август «Қатағон қурбонларини ёд этиш куни» деб эълон қилинди.

Матлуба Файзуллаева , Чилонзор туман 90-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси