Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўтмишда хорижда яшаган буюк аждодларимиз кўплаб хорижий тилларни чуқур билган бўлса-да, ўз она тилини унутмаган
15:11 / 2019-10-18

Тил – инсонга ато этилган энг қудратли восита, муҳим зарурий эҳтиёждир.


Тил – инсонга ато этилган энг қудратли восита, муҳим зарурий эҳтиёждир. Дунёда глобаллашув жараёнлари кечаётган бизнинг асримиз уни асл ҳолича сақлаб қолиш ва ривожлантиришда давлат сиёсатини юритишни тақозо этаётир. 21 октябрь куни қабул қилинганига 30 йил тўладиган “Давлат тили ҳақида”ги қонунимиз ҳам шу мақсадга хизмат қилмоқда.

Бироқ, қонуннинг ижроси бўйича ҳали-ҳануз ўз ечимини кутаётган масалаларимиз бор. Буни ўтган даврда ушбу муҳим ҳужжат эътибордан анча четда қолганининг таъсири, бўлса керак, деб ўйлайман. Эндиликда тилнинг мукаммаллигини таъминлаш учун ҳам ислоҳотларга эҳтиёж туғилишини чуқур англаётганимиз ҳеч кимга сир эмас.

Қишлоқда яшаймиз. Кундалик янгилик, воқеалардан кўпроқ тезкор интернет тармоғи ва телевидение орқали хабардор бўламиз. Лекин, мен баъзан ижтимоий тармоқлар ва телекўрсатувларда туппа-тузук одамларнинг шевада ёзаётгани, гапираётгани ёки бошқа миллат тилларидаги сўзларни беихтиёр ишлатиб юбораётганидан ачинаман. Тилимизга эътиборсизлигимиз оқибатида шу даражага етдикки, бугун ўз она тилимизда мукаммал сўзлай олмаётган раҳбарчаларни саводсизга ҳам чиқараяпмиз. Аслида бу ҳақ гап. Бу – “Давлат тили ҳақида”ги қонунимиз ижроси тўла таъминланмаётганига ҳаётий мисол ҳамдир. Агар, қонун қабул қилинганидан буён биз саводсиз, дея айтаётган инсонлар ҳар куни биттадан ўзбекча сўз ўрганганида ҳозиргача 11 мингта сўзни ёд олиши мумкин эди-ку! Афсус... Ваҳоланки, ўтмишда чет давлатларда яшаган буюк аждодларимиз ҳам кўплаб хорижий тилларни чуқур билган бўлса-да, ўз она тилини унутмаган, деб фахрланамиз. Шунингдек, юртимизда туғилиб, камолга етган бошқа миллат вакилларининг ўзбек тилида равон сўзлаётганига ҳавас билан қараймиз.

Ўтган асрда кинофильмлар дубляжида ўзбек актёр ва актрисаларига барчамиз тан берар эдик. Чунки, ҳар қандай фильм юксак маҳорат билан ўзбек тилига ўгирилар эди. Дубляж санъатида ўзбек актёрлари билан Валентина Ғозиева, деган актриса елкама-елка ижод қилганини ҳали ҳам кўпчилик яхши эсласа керак. Валентина опа телевидениедаги кўрсатувлардан бирида қайнонасига ўзбек тилини ўрганмоқчи бўлганини айтганида унга “қизим сиз ўзбек тилини ўрганмоқчи бўлсангиз, пойтахт шевасини эмас, адабий тилни ўрганинг”, дея самимий маслаҳат берганини фахр билан эслаган эди. Қаранг, мана шу бир оғиз маслаҳат русийзабон актёрнинг ўзбек тилини равон ўзлаштиришига, юртимизда иззат-обрў топишига туртки бўлган экан. Демоқчиманки, жозибадор она тилимизни ўзлаштиришда оқсоқликлар юзага келганида биз кексаларнинг ҳам айбимиз бор. Зеро, тилни ривожлантириш, унинг софлигини сақлашга ҳисса қўшишда барча бирдек масъулдир.

Шу ўринда яна телекўрсатувларга қайтамиз. Мамлакатимизда спорт мусобақаларини кўпчилик севиб томоша қилади. Қишлоқларда ҳам футбол ишқибозлари жуда кўплигини барча яхши билади, деб ўйлайман. Спорт ўйинлари ёки шу мавзуларга бағишланган кўрсатувларда айрим шарҳловчилар, журналистларимизнинг ўзбек ва рус тилидаги сўзларни аралаштириб гапириши кўпчилик, айниқса, биз, кексаларнинг энсамизни қотиради. Бу ҳолатнинг телевидиниеда удумга айланиб бораётгани жиддий ўйлантиради. Бизнингча Ўзбекистонимиз жаҳонга янги қиёфада бўй кўрсатаётган бир пайтда халқимиз энг илғор, зиёли қатлам сифатида ҳурмат қиладиган тележурналистларимиз ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки, бу айрим ёшларимизнинг мурғак онгу-шуурига ўз таъсирини ўтказишини ҳам унутмаслигимиз керак.

Хуллас, тил ҳақидаги қонун ижросини таъминлаш, тилимизни ривожлантириш, тилдан фойдаланиш тартиб-таомилларига қатьий риоя этиш каби долзарб масалалар жиддий муҳокама этилаётган шу кунларда мен ҳам бир таклифни ўртага ташлашни лозим топдим. Жумладан, “Ёшлар” ёки “Маданият ва маърифат” телеканалларининг бирида “Ўзбек тилини ўрганамиз” кўрсатуви ташкил этилиб, сабоқ бериш йўлга қўйилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу кўрсатувни болалар ҳам, катта ёшдагилар ҳам севиб томоша қилишини таъминлаш учун ўзбек тилининг машҳур мутахассисларини жалб этиш зарур бўлади. Замонавий кўргазмали қуроллар билан жиҳозлаб, миллий мултьфильм ва ва миллий руҳ уфуриб турадиган кинофильмлардан парчалар намойиш этиб боришни йўлга қўйиш ҳам фойдадан ҳоли бўлмайди. Миллатимиз қиёфаси акс этиб турадиган бу кўрсатув қалбида миллий ғурури бўлган ҳар бир юртдошимизнинг қизиқарли кўрсатувларидан бирига айланишига ишонамиз.

А.АЛЛАЁРОВ,
меҳнат фахрийси.