Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўтказилаётган меҳнат ярмаркалари юртдошларимизга қувонч улашмоқда
13:04 / 2020-09-10

Пандемия шароитида аҳоли, хусусан, хотин-қизлар, ёшларни иш билан, шунингдек, чет элдан, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган шахсларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ҳудудларда меҳнат ярмаркалари ўтказилмоқда.


Пандемия шароитида аҳоли, хусусан, хотин-қизлар, ёшларни иш билан, шунингдек, чет элдан, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган шахсларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ҳудудларда меҳнат ярмаркалари ўтказилмоқда.

Наманган вилоятининг Косонсой, Мингбулоқ, Уйчи, Чортоқ туманларида шу каби меҳнат ярмаркалари бўлиб ўтди ҳамда бу тадбирларда 177 дан ортиқ корхона ва ташкилотлар ўзларида мавжуд 1442 дан ортиқ бўш иш ўринлари билан қатнашди. Наманган вилояти Бандлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур меҳнат ярмаркаларида ҳудудлардаги иш билан банд бўлмаган 1743 нафардан ортиқ фуқаро иштирок этди. Ўзаро мулоқотлар давомида юртдошларимизнинг 383 нафарига ўзлари танлаган иш ўринларига ишга жойлашишлари, 28 нафарига касбга ўқитиш учун йўлланмалар тақдим этилди. Бундан ташқари, 133 нафар фуқарога кооператив, субсидиялар ажратиш, касбга ўқитиш ва меҳнат қонунчилиги бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Мингбулоқ тумани “Дўстлик” истироҳат боғида вақтинча ишсиз ёки пандемия даврида иш жойини йўқотган фуқаролар бандлигини таъминлаш бўйича ўтказилган меҳнат ярмаркасида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиев иштирок этди ҳамда яратилган шарт-шароитларни атрофлича ўрганди. Жумладан, фуқароларга мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида берилаётган маълумотларнинг аниқлиги, иш берувчи ташкилотларда яратилган меҳнат шароитлари билан танишди.

Меҳнат ярмаркасида тумандаги 67 та корхона ва ташкилотлар ўзларининг 312 та бўш иш ўринлари билан қатнашди. Тадбир давомида 580 нафар, хусусан, 370 нафар хотин-қиз, 95 нафар ёшлар, 55 нафар чет элдан қайтган меҳнат мигрантлари иштирок этди. 102 нафар ҳамюртимизнинг ишга жойлашиши учун шу куннинг ўзида тегишли йўлланмалар берилди.

Жумладан, мазкур йўлланмалар асосида “Исмигул Бегойим” хусусий корхонасига 40 нафар, туман Ёнғинга қарши кураш жамиятига 11 нафар, 30-умумтаълим мактабига ҳамда Болалар ва ўсмирлар спорт мактабига 51 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди.

Вилоят бўйлаб ўтказилган бу каби меҳнат ярмаркаларида яна кўплаб ҳамюртларимиз ўзига муносиб иш ўринларини топишди. Жумладан, Косонсой туманидаги “Улуғ чинор” маданият ва истироҳат боғида ўтказилган меҳнат ярмаркасида 90 нафар, Чортоқ туманидаги 1-сонли касб-ҳунар мактабида ўтказилган меҳнат ярмаркасида 114 нафар фуқарога ишга жойлашиши учун йўлланмалар берилди. Уйчи туманида ўтказилган меҳнат ярмаркасида 28 нафар юртдошимиз касбга ўқитиш, 77 нафари эса ишга жойлашиш учун тегишли йўлланмаларга эга бўлишди.

Бу каби меҳнат ярмаркалари Андижон шаҳрида жойлашган “Лола қўғирчоқ театри”да ҳам ўтказилди. Андижон вилоятидаги жами 494 нафар ишсиз ва доимий иш ўрнига эга бўлмаган фуқаролар иштирок этган мазкур меҳнат ярмаркасида ҳудудлардаги 185 та корхона ва ташкилотлар ўз таркибидаги мавжуд 3695 та бўш иш ўринларини фуқароларга таклиф этишди.

Меҳнат ярмаркаси давомида 318 нафар фуқарога ишга жойлашиши учун йўлланмалар берилди. 12 нафари қайта касбга ўқитиш мақсадида касбга ўқитиш курсларига юборилди, 26 нафари жамоат ишларига жалб этилди. Шунингдек, 176 нафар фуқарога меҳнатга оид масалалар юзасидан меҳнат қонунчилиги доирасида зарур маслаҳатлар берилди.

Шу куннинг ўзида Андижон вилояти ҳокимлигида вилоят фаоллари, маҳалла тизими масъул ходимлари, фуқаролар йиғинлари раислари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда ташкилий масала сифатида шу кунга қадар Андижон вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси раиси лавозимида ишлаб келаётган Балтабаев Шакиржон Мамажонович Андижон вилояти ҳокими ўринбосари — Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи сифатида таништириб ўтилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қ.Қуронбоев, Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазири ўринбосари Б.Парпиев, Андижон вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов иштирок этди.

photo_2020-09-09_16-53-08.jpg

photo_2020-09-09_16-53-11.jpg

Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш
вазирлиги Матбуот хизмати