Навоий шаҳридаги Фаровон маҳалласида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва “2026 йил республика маҳаллаларида жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижроси, шаҳарда хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Унда мутасадди раҳбарлар, соҳа вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этиб, бугунги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва амалдаги натижалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар маҳалла институти фаолиятини мутлақо янги босқичга олиб чиқди. Энди маҳалла фақат мурожаатлар қабул қиладиган идора эмас, балки ҳудудда тинчлик ва барқарорликни таъминлайдиган, муаммоларни барвақт аниқлаб, уларни манзилли ҳал қиладиган муҳим бўғинга айланмоқда. Юқорида номлари тилган олинган қарорлар эса жамоат хавфсизлигини таъминлашда мутлақо янги тизимни жорий этди.

Янги тартибга кўра, ҳар бир маҳалла “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилиб, ижтимоий-ҳуқуқий вазият чуқур таҳлил қилинмоқда. Фаровон маҳалласи ҳозирда “қизил” тоифага киритилган бўлиб, бу ерда профилактика ишларини кучайтириш, айниқса, муаммоли оилалар ва хавф гуруҳига кирувчи шахслар билан индивидуал ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маҳаллада 22 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Хотин-қизлар ўртасида жиноят ҳолатлари қайд этилмагани ислоҳотларнинг ижобий жиҳатларидан бири бўлса-да, пробацияда турганлар, ҳимоя ордери расмийлаштирилган ҳолатлар ва нотинч оилалар мавжудлиги профилактика ишларини янада кучайтириш зарурлигини кўрсатади.

Эндиликда ҳар бир профилактика инспектори сектор кесимида аниқ ҳисобдор бўлади, муаммоли оилалар рўйхати доимий янгиланади, ёшлар ва ишсизлар билан ишлаш тизимли равишда ташкил этилади. Қоронғи кўчаларни ёритиш, видеокузатув камералари ўрнатиш, хавфли ҳудудларда патруль хизматини кучайтириш каби амалий чоралар ҳам бу ислоҳотларнинг таркибий қисмига айланган.

Энг муҳими, хавфсиз муҳит яратиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вазифаси эмас. Маҳалла фуқаролар йиғини, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва кенг жамоатчиликнинг ҳамжиҳатлиги ислоҳотлар самарасини белгилайди. Тизимли ва манзилли ёндашув йўлга қўйилган ҳудудларда ҳуқуқбузарликлар камайиб бораётгани кузатилмоқда.
Зеро, хавфсиз маҳалла тинч оила, барқарор жамият ва ишончли келажак демакдир.
А. Бўриев, ЎзА мухбири