Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида мониторинг ўтказди.
Мазкур марказ “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида фаолият юритади.

Марказнинг асосий вазифаси уч ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган назоратсиз ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож вояга етмаганларни кеча-кундуз қабул қилиш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, такроран ҳуқуқбузарликка йўл қўймаслик учун индивидуал профилактик ишларни амалга оширишдан иборатдир. Шунингдек, марказ болани қаровсизликка олиб келган сабаб ва шароитларни ўрганиб, бу ҳақда тегишли идораларга маълумот беради.

– Мониторинг пайтида марказда 6 нафар вояга етмаганлар сақланаётгани маълум бўлди, – дейди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(омбудсман)нинг Бухоро вилояти минтақавий вакили Абира Хусейнова. – Болаларнинг таълимга қайтиши, ижтимоий мослашуви, психологик қўллаб-қувватланиши бўйича амалий ишлар билан танишилди. Шу билан бирга, назоратсиз қолиш хавфи мавжуд бўлган болалар билан тизимли ишлашни кучайтириш, марказдан чиққан вояга етмаганларнинг кейинги тақдири устидан ижтимоий кузатувни таъминлаш, психологик хизматлар қамровини кенгайтириш бўйича тавсиялар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.