Миллий гвардия Фарғона вилояти бўйича бошқармаси фаолиятида ўтган ярим йилликда эришилган натижалар, оталиққа олинган ёшлар билан ишлаш, “Хавфсиз мактаб” концепцияси доирасидаги чора-тадбирларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Давлат ташкилотлари ва идоралари фаолиятининг шаффофлигини, ҳисобдорлигини ошириш, очиқлик сиёсатини кафолатлаш чора-тадбирлари доирасида ташкил этилган мазкур анжуманда бошқарма бошлиғи Шавкат Акбаров ҳамда бошқа масъуллар ОАВ вакилларини, ижтимоий тармоқ фаолларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб бердилар.
Хусусан, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида профилактик тадбирлар мунтазам олиб борилаётгани, шу билан бирга етим болаларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар, “Меҳр дафтари” маблағлари ҳисобидан собиқ Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг уй-жой билан таъминланаётгани алоҳида эътироф этилди.
[gallery-18416]
“Хавфсиз мактаб” концепцияси асосида таътилга қадар ҳамкорликда амалга оширилган ишлар натижасида сурункали ва сабабсиз дарсга келмай юрган 235 минг 21 нафар ўқувчи мактабга қайтарилган, пировардида вилоят умумтаълим мактабларида давомат 98 фоизга етган. Сурункали дарс қолдирган 2 минг 69 нафар ўқувчининг рўйхати тузилиб, 901 нафар ўқувчининг ота-онаси расмий огоҳлантирилган, 405 нафар ота-онага Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига асосан тегишли чора кўрилган.
Шунингдек, Фарғона, Қувасой шаҳарлари, Бешариқ, Учкўприк, Қўштепа, Ўзбекистон, Риштон, Фурқат, Бувайда, Ёзёвон, Қува ҳамда Фарғона туманларидаги жами 26 та мактабда “Ёш гвардиячилар” ихтисослаштирилган синфлари ташкил қилинган.
Бундан ташқари Миллий гвардиянинг Фарғона вилояти бўйича бошқарма бошлиғи буйруғига асосан 4-сектор ҳудудидаги 115 та маҳаллага ёшлар билан манзилли ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида 374 нафар офицер, 163 нафар сержант-сафдор ходимлар бириктирилди.
Анжуманда мана шундай диққатга молик натижалар қайд этилди. Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг, галдаги вазифалар ҳам санаб ўтилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА