Ички ишлар вазирлиги делегацияси Хитой Халқ Республикасининг Шэньчжэнь шаҳрида хизмат сафарида бўлиб қайтди. Ташриф доирасида “Хавфсиз шаҳар” тизимларини янада ривожлантириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда илғор рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда халқаро тажрибани ўрганиш йўналишида муҳим музокаралар олиб борилди.
Делегация аъзолари “Huawei” компаниясининг маълумотларни қайта ишлаш маркази, булутли ҳисоблаш лабораторияси, жамоат хавфсизлиги ечимлари павильони ҳамда сунъий интеллект инновацион марказларида бўлиб, илғор технологиялар тақдимоти билан яқиндан танишди. Шу билан бирга, бу технологияларнинг амалий қўлланилиши юзасидан музокаралар олиб борилди. Айниқса, рақамлаштириш, замонавий кўринишдаги хавфсизлик инфратузилмаларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида сунъий интеллект асосида йўл ҳаракати бошқаруви, жамоат тартибини таъминлаш, жиноятларнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларни тезкор аниқлаш каби йўналишлар бўйича ҳам фойдали тажрибалар ўрганилди. “Huawei” компанияси таклиф этаётган илғор ечимлар нафақат технологик жиҳатдан, балки амалий қўллаш имкониятлари билан ҳам юқори самарадорликка эга экани алоҳида қайд этилди.
Музокаралар якунида бир қатор ҳамкорлик режалари белгилаб олинди. Унга кўра, "Huawei" муҳандисларини Ўзбекистонга жалб қилиш, техник аудит ўтказиш режалаштирилди. Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги “Хавфсиз шаҳар” маркази ва ИИВ Академияси билан ўзаро англашув меморандумлари имзоланиши, интеллектуал видеокузатув тизимларини ривожлантириш кўзда тутилмоқда.
Келгусида эса Ички ишлар вазирлигини тўлиқ рақамли трансформация қилиш, тармоқ жадвалини ишлаб чиқиш, сунъий интеллект компетенция марказини яратиш ҳамда киберхавфсизлик ва рақамли соҳа бўйича мутахассисларни мунтазам тайёрлаш дастурларини амалга оширишни ўз ичига олади.
Шуни таъкидлаш жоизки, ҳамкорлик учрашуви мамлакатимизнинг хавфсиз ва ақлли шаҳар концепциясини шакллантиришда муҳим босқич бўлиб хизмат қилади. Хитойнинг илғор тажрибаси ҳамда “Huawei” компанияси билан йўлга қўйилган ҳамкорлик нафақат технологик ривожланиш, балки жиноятчиликка қарши кураш, йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ва фуқароларнинг фаровонлигини таъминлашда янги имкониятлар яратиши кутилмоқда.
ЎзА