Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тижорат банки ходими судда оқланди
15:18 / 2024-04-03

Яқин йилларда ҳам фалончи суд залида оқланибди, деган сўзни эшитсангиз, ишонмасдингиз. Чунки, бундан етти-саккиз йил муқаддам судда оқлов ҳукмини чиқариш ушалмас орзу эди.

Эндиликда бу ҳолат халқимизни ажаблантирмайди. Жиноятга жазо муқаррарлиги таъминланиб, айбсиз фуқароларга оқлов ҳукми чиқарилаётир. 

Суд-ҳуқуқ тизимида кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар янгиланган Конституциямизда янада мустаҳкамланиб, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Ноҳақ айбланган шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланяпти. Бунга АТБ “Микрокредит банк” Сурхондарё вилоят минтақавий филиали амалиёт бўлими “Учқизил” банк хизматлари офиси муаммоли активлар етакчи мутахассиси Гулбой Бобоқулов ҳам яққол далилдир. 

Гап шундаки, 2021 йил “Термиз мега тезкор транс” масъулияти чекланган жамияти мутасаддилари банкка ошхона биносини таъмирлаш ва жиҳозлаш учун йиллик 24 фоизли 36 ой муддатга мақсадли кредит ажратилишини сўраб мурожаат этади. 

Ўша йили 8 февралдаги 17-кредит шартномасига асосан тадбиркорга 1 миллиард 800 миллион сўм кредит маблағи ажратилади. Шундан сўнг кредит шартномасида таъминотчи сифатида кўрсатилган Фотима Аннаева раҳбарлик қилган масъулияти чекланган жамиятга ўзининг жавобгарлигидаги “IABS” дастурий таъминоти орқали кредит олувчи “Термиз мега тезкор транс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ғулом Назаров рухсатисиз ва у томонидан тақдим этилиши керак бўлган тўлов топшириқномаларисиз ўтказиб беради. Оқибатда тижорат банкининг 1 миллиард 800 миллион сўм маблағини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилади. 

Шундан сўнг у жиноятини яшириш учун “Термиз мега тезкор транс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ғулом Назаров номидан тегишли тўлов топшириқномаларини тайёрлаб, уларга сохта ёзувлар киритиб, унинг номидан ўзи имзолаб, расмий ҳужжатларни қалбакилаштиради. Ҳужжатлар қалбаки эканини билатуриб, уларни банк маъмуриятига тақдим этади. Бу ҳолат бўйича у Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 167-моддаси 3-қисмининг “а” банди (давлат мулкини талон-тарож қилиш), 228-моддаси 1-қисми ва 228-моддасининг 3-қисмида (ҳужжатларни қалбакилаштириш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган. 

Судланувчи Гулбой Бобоқулов эса судда айбига иқрорлик билдирмасдан, ушбу жиноят иши юзасидан ўзганинг мулкини талон-торож қилмаганини, таъминотчи ва мулкдорлар айнан шу кредит бўйича судланганини, аммо уни уларга нисбатан очилган ва юритилган жиноят иши бўйича терговга чақиришмагани, буни эса кейинчалик билганлигини, бирор-бир таъминотчи ёки мулкдор билан тил бириктирмаганини, ўзига қўйилган айблов нотўғри экани учун айбловларни олиб ташлаб, суддан оқлов ҳукми чиқаришни, иш ҳужжатлари юзасидан қонуний қарор қабул қилишни сўраб, кўрсатув берди. 

Суд давлат айбловчисининг хулосаси ва ҳимоячининг фикрини тинглаб, судланувчи, фуқаровий даъвогар ва гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, Г.Бобоқуловнинг жиноят содир этганликдаги айби, жиноят ишининг бир қисмига жиноят ишини қўзғатган ҳолда алоҳида иш юритувга ажратиш тўғрисидаги қарорни таҳлил ва иш ҳужжатларидаги далилларни тегишли тартибда муҳокама қилди.

Хусусан, тергов ҳужжатларида Гулбой Бобоқулов кредит суммасини чиқаришда кредит папкасини тайёрлаб, тегишли тартибда электрон базага киритган ва кредит пулларнинг чиқиб кетишига сабабчи бўлган, дейилган бўлса-да, бу ҳолат биронта далил билан исботланмаган. Ёки бу ишлар Г.Бобоқулов томонидан қандай амалга оширилгани бўйича далиллар олинмаган. 

Хуллас, судда Гулбой Бобоқуловнинг жуда кўп миқдордаги ўзганинг мулкини талон-торож қилганликда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 167-моддасининг 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганлигини исботлаб бўлмади. Шунингдек, дастлабки тергов органи судланувчининг ҳаракатларини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 228-моддасининг 3-қисми (ҳужжатларни қалбакилаштириш) билан ортиқча квалификация қилингани маълум бўлди. 

Жиноят ишлари бўйича Термиз туман судида ўтказилган очиқ суд мажлисида дастлабки тергов органи томонидан  судланувчи Г.Бобоқуловга қўйилган айб квалификацияси муҳокама қилиниб, адолатли тўхтамга келинди. Унинг қилмишида жиноят таркиби ва аломатлари йўқлиги сабабли айбсиз деб топилиб, оқланди. 

Оқланиб, жамиятда юзи ёруғ бўлган Гулбой Бобоқуловга ўзига етказилган мулкий зарарни қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зарар оқибатларини бартараф этиш юзасидан судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга экани тушунтирилди. 

Асқар Қудратов,

Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик

ва оммавий ахборот воситалари билан

алоқалар бўйича бош консультанти.

ЎзА