Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ТИВ делегацияси “Осиё юраги – Истанбул жараёни” форумида иштирок этди
20:11 / 2021-03-30

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган “Осиё юраги – Истанбул жараёни” мулоқотининг тўққизинчи вазирлар конференциясида иштирок этди.

Анжуманда Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани ҳам иштирок этди.

Форум доирасида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига ёрдам бериш мақсадида хавфсизликни таъминлаш ҳамда минтақавий иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, шунингдек, иштирокчи давлатлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш чораларини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Taдбирда мамлакатимиз ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов нутқ сўзлаб, ушбу тадбир Форум кун тартибида белгиланган мақсадларга эришишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

– Ўзбекистон Афғонистоннинг тинч, мустақил ва ўзини ўзи таъминлайдиган давлат сифатида шаклланишидан манфаатдор, – деди А.Комилов. – Афғонистон заминида тинчлик мустаҳкам бўлса, бу бутун Марказий Осиё учун барқарорлик ва фаровонлик гарови ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Афғонистонга нисбатан яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва тенглик тамойилларига асосланган дўстона сиёсат юритмоқда.

Вазир Афғонистон можаросини сиёсий йўл билан ҳал этиш муҳимлигини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият билан Афғонистондаги инфратузилма ва иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш, хусусан, “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш тармоғи вa «Moзори-Шaриф – Koбул – Пeшовaр темир йўли қурилишининг муҳим жиҳатларини қайд этди.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари форум иштирокчиларини жорий йил июль ойида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган “Maрказий Осиё вa Жанубий Oсиё: минтақавий боғлиқлик. Taҳдидлар вa имкониятлар” мавзусидаги юқори даражали халқаро конференцияга таклиф этди.

Тадбир якуни бўйича вазирларнинг тўққизинчи конференцияси декларацияси қабул қилинди.

ЎзА