Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Т.Ишметов: “Фуқаронинг бошқа ҳудуддаги лойиҳага овоз беришини чеклаш мумкин эмас”
14:51 / 2022-09-09

Фуқаролар томонидан “Ташаббусли бюджет” жараёни доирасида айрим лойиҳалар қисқа муддат ичида минглаб овозлар тўплаётгани юзасидан эътирозлар билдирилмоқда. Бу кичик бир ҳолатнинг ўзи ҳам тизимга ўзгартиришлар киритиш керак эканлигини англатади.

Маълумки, 2021 йилда янгиланган Openbudget.uz платформаси ишга туширилган эди. Унда давлат қарзи бўйича маълумотлар тақдим этиб борилади. “Ташаббусли бюджет” бўлими ҳам мавжуд. У орқали фуқаролар маълум ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, хиёбонлар, болалар спорт майдончалари, ички йўлларни қуриш, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш каби масалалар бўйича таклиф жўнатиб, маҳаллий бюджет тақсимланишида иштирок этишлари мумкин. 

Бугунги кунда юртдошларимиз платформа орқали маҳалласи, аҳоли пункти ва туманидаги у ёки бу ижтимоий муаммони ҳал этиш бўйича ўз таклифларини фаол билдирмоқда. Масалан, инфратузилмаларни яхшилаш, ичимлик суви билан таъминлаш, кўчаларга ёритиш қурилмаларини ўрнатиш ва таъмирлаш, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш, болалар майдончалари ва спорт майдончалари, истироҳат боғларини қуриш, экологик вазиятни яхшилаш ва ҳоказолар бўйича таклифлар бўлиши мумкин. 

Лойиҳалар бўйича аризаларни йилда икки маротаба, яъни февраль ва июлда топшириш мумкин. Аммо тизим билан боғлиқ муаммолар ҳам шу ойларда юзага чиқяпти. Кўп одам фойдалангани учун база дош бера олмаяпти. Қолаверса тизим бир мунча мураккаб. Шу сабабли бу механизмни соддалаштириш керак. 

Яқинда Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида депутат Гулбаҳор Саидғаниева “Ташаббусли бюджет”да овоз бериш жараёнида фуқароларнинг ўз ҳудудидан ташқаридаги лойиҳаларга овоз беришини чеклашни илгари сурди. Молия вазири Тимур Ишметов бу таклифга кескин эътироз билдирди. 

Вазир бу фикрга умуман қўшилмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида ўтган йили 1,1 миллион нафар, бу йил эса 6,7 миллион нафар фуқаро иштирок этган. 

– Мазкур рақамларнинг ўзи кўрсатадики, одамларда қанчалик даражада муаммолар кўп, мана шу муаммоларни эса улар ўзлари ҳал қилишга ҳаракат қилишга тайёр. Маҳаллада фуқаролар сони кам бўлгани учун ҳар бир маҳалла ўзининг лойиҳаси учун овоз бериб, арзимаган сон билан туманда лойиҳа ютмагандан кўра, одамлар бир-бири билан гаплашиб: “Қўйинглар, бир гал шу атрофдаги маҳаллалардан бири бизнинг лойиҳага овоз берсин, кейинги сафар биз уларнинг лойиҳасига овоз берамиз”, деб ҳаракат қилишади. Мана бизнинг ўзбек халқи қанчалик сабрли, юраги кенг. Мен бу жараённи сунъий овоз йиғиш ёки қандайдир тил бириктириш деб ҳисобламайман, – дейди Т.Ишметов. 

Лойиҳалар 20 кун ичида овоз йиғиши керак. Энг кўп эътиборга тушган ташаббус учун пул ажратилади. Муддат қисқа бўлгани учун ҳам турли усулларни қўллаб овоз йиғадиганлар кўпаймоқда. Чунки фуқаролар битта лойиҳа учун фақат бир марта овоз бериши мумкин. Шунинг учун ҳам ҳудудлар аҳолиси сони ўзаро номутаносиб эканлиги яна бир муаммо. Қайси ҳудуд аҳолиси кўп бўлса, улар ғолиб. Аммо эҳтиёж кимда кўпроқ, бу инобатга олинмаяпти. 

Тимур Ишметовнинг изоҳлашича, фуқаронинг бошқа ҳудуддаги лойиҳага овоз беришини чеклаш мумкин эмас.  

– Мисол учун, мен ўзимнинг Миробод туманимда биронта лойиҳага овоз бермаганман, лекин Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманидаги битта лойиҳага овоз берганман. Менинг овозим! Сиз мени ҳудуд бўйича чеклашга ҳаққингиз йўқ, – дейди у. 

Шу ўринда айтиш жоиз, тизимдаги баъзи жиҳатлар талабларга жавоб бермайди. Мисол учун ижтимоий объектлар, мактаб, мактабгача таълим муассасалари, солиқни сақлаш объектларини ремонт қилиш, реконструкция қилиш, жиҳозлаш лойиҳаси мавжуд. Бироқ, ажратилган маблағ 1 миллиард 200 миллион сўм. Бу 300-400 ўринли мактаб, ёки боғчани реконструкция қилиш, жиҳозлашга етмайди. Бундан ташқари, аслида ташаббускорлар 18 ёшдан катта бўлиши керак. Улар бир киши ёки гуруҳ бўлиб лойиҳаларни таклиф қилади. Экспертиза ва саралашдан ўтган ташаббуслар оммавий овоз беришга қўйилади. Бу жараёнда ҳам ёлғон ишлатиб иштирок этаётганлар ҳам бор ҳақиқат. 

“Ташаббусли бюджет” фуқаролар хоҳишларини билдира олгани давлат бюджети тақсимотида иштирок этаётгани муҳим. Ўзгарган ҳудудлар йўқ эмас. Аммо ташқи қарзу, солиқлар ҳисобидан шакллантириладиган бюджет маблағларининг тўғри тақсимоти юқоридаги муаммоларнинг ечимига боғлиқ. Ўзгаришларнинг тезроқ бўлишидан албатта ҳалқ манфаатдор.  

 

Шаҳноза Маматуропова, 
ЎзА мухбири