Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси "Айритом" чегара божхона постида навбатдаги қонунбузарликка чек қўйилди.
Қўшни давлатдан "Айритом" чегара божхона пости орқали Ўзбекистон Республикасига кириб келган юк автотранспорт воситаси белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилаётганида ҳужжатларда автотранспорт воситаси юксиз экани кўрсатилган бўлса-да, тиркама қисмидаги ўзгаришлар зийрак божхона ходимларида шубҳа уйғотди. Кўрик чоғида юк автотранспорт воситаси тиркамасининг юқори қисмига хуфиёна жойлаштирилган 700 қути сигарет маҳсулоти борлиги аниқланди.


Вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шоҳрўз Ўраловнинг айтишича, амалдаги тартибга кўра, жисмоний шахсларга божхона чегараси орқали 200 донадан кўп бўлмаган мазкур турдаги маҳсулотни олиб киришга рухсат этилади.

Айни пайтда ҳолат юзасидан божхона органлари терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири