Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги ҳамда Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси ҳамкорлигида “Тирик тарих” халқаро кино форуми ўтказилмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Кинематография соҳасини янада ривожлантириш ҳамда мамлакатимиз тарихига бағишланган фильмлар туркумини яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2024–2027 йилларга мўлжалланган “Тирик тарих” фильмлар туркумини яратиш дастури тасдиқланган. Унга кўра, жами 54 та тарихий фильм, шундан 21 таси бадиий, 33 таси бадиий-публицистик кинолойиҳалар ишлаб чиқарилиши белгиланган.
Айни пайтда “Тирик тарих” дастуридан ўрин олган “Баҳодир Ялангтўш”, “Ажиниёз”, “Махтумқули Фироғий”, “Улуғ Амир ва Донна Мария” каби фильмлар тақдимот-намойишлари ўтказилиб, қатор халқаро кинофестивалларда юксак эътирофга сазовор бўлмоқда.

Хусусан, “Махтумқули Фироғий” фильми дунёнинг ўндан ортиқ мамлакатларида кенг намойишлари ўтказилиб, қатор мукофотларга сазовор бўлмоқда. Жумладан, Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган “Қўрқут ота” IV Халқаро кинофестивалида “Энг яхши фильм” номинацияси бўйича олий совринни қўлга киритган.
Шунингдек, Туркияда ўтказилган II Турон халқаро кинофестивалида “Энг яхши ўзбек фильми” сифатида тақдирланган. Фильм шунингдек, Қозон халқаро кинофестивали, Лондон шаҳрида ўтказилган Евроoсиё ижодий гильдияси кинофестивалида, Барселонада ўтказилган Осиё фильмлари 25-халқаро кинофестивалида юксак мукофотларга сазoвор бўлган.
“Баҳодир Ялангтўш” фильми эса “Олтин Ҳумо – 2024” миллий киномукофотининг энг яхши фильми деб топилган. Бу фильм орқали томошабинлар кўнглида буюк саркарда, давлат арбоби ва маданиятимиз ҳомийси Баҳодир Ялангтўш сиймоси мустаҳкам муҳрланди.
Бугунги кунда “Тирик тарих” дастуридан ўрин олган фильмларни яратиш бўйича ишлар янада жадал суръатларда давом этмоқда. Бир сўз билан айтганда, янги Ўзбекистон шароитида адабиёт, тарих ва кино соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар халқимизнинг маънавий юксалиши, миллий ўзлигини англаши, тарихий хотирасини тиклаш ва уни дунё миқёсида намоён этишда беқиёс аҳамият касб этмоқда.
“Тирик тарих” дастуридан ўрин олган фильмлар халқаро майдонда ҳам таниқли бўлиши учун Германия, Франция, Швейцария, Россия, Япония, Туркия, Ҳиндистон, Хитой, Корея, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Татаристон каби давлатлардан таниқли киноижодкорлар, кинорежиссёр ва актёрлар, олим ва кинооператорлар жалб этилмоқда.
“Tирик тарих” халқаро кино форумининг ўтказилиши тарихий фильмлар ишлаб чиқариш борасидаги ишларни янада янги босқичга кўтаради. Форумда Россия, Япония, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркия, Хитой, АҚШ, Франция, Польша, Венгрия, Швейцария, Қатар, Тожикистон каби йигирмага яқин давлатдан ташриф буюрган элликка яқин таниқли кинорежиссёр, продюсер, анимация, IT ва сунъий интеллект соҳалари бўйича тажрибали мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Форумнинг тантанали якуни сифатида 17 декабрь куни Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида “Олтин Ҳумо – 2025” миллий кино мукофоти соҳибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.
“Олтин Ҳумо” – Ўзбекистон кинематографияси соҳасида йил давомида яратилган энг сара фильмлар ва етук киноижодкорларни тақдирлашга қаратилган нуфузли миллий мукофот ҳисобланади.
Ушбу мукофот миллий кино санъатини янада ривожлантириш, ижодий салоҳиятни қўллаб-қувватлаш, юқори профессионал стандартларни қарор топтириш ҳамда замонавий ўзбек киноси нуфузини халқаро майдонда оширишни мақсад қилган.
“Олтин Ҳумо – 2025” миллий кино мукофоти ғолиблари 18 та номинация бўйича тақдирланади. Ушбу маросим йилнинг энг муҳим кино воқеаларидан бири сифатида миллий кино ижодкорларини бирлаштиради ҳамда “Олтин Ҳумо” мукофотининг ўзбек киносида бардавом, нуфузли ва анъанавий бренд сифатида қарор топишига хизмат қилади.
“Олтин Ҳумо” – ўзбек кино санъатининг юксалиши йўлидаги ишончли қадам, миллий маданий мерос ва замонавий ижод уйғунлигининг ёрқин ифодасидир.
“Тирик тарих” халқаро форуми доирасида шунингдек, ҳамкорликка доир келишувлар, халқаро матбуот анжуманлари, конференция, семинар ва давра суҳбатлари, ижодий учрашувлар, фильм намойишлари, маҳорат дарслари, шунингдек, кино соҳасида тажриба ва малака алмашишга қаратилган қатор маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади.
Ушбу тадбирлар ўзбек кинематографиясида йил сарҳисобини чиқариш, тарихий меросни замонавий кино воситалари орқали талқин этиш, шу билан бирга халқаро ижодий ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА