Фарғона вилояти Олтиариқ туманининг Оқбўйра қишлоғида файзли бир хонадон бор.
Ҳамиша меҳмонлар билан гавжум ушбу уйда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, бир асрлик умр довонига яқинлашаётган Тўланбой ота Шокиров истиқомат қилади. Отахоннинг бирда қайғули, бирда шодмон хотиралари ёшлар учун ўзига хос ҳаёт мактаби. 17 ёшида қўлига қурол олган Олтиариқ ўғлони 1948 йили кўкси тўла орден-медаллар билан ота юртига қайтди. Энахон ая билан беш фарзандни тарбиялади.
Отахоннинг хотирлашича, жанггоҳларда ҳафталаб оч қолиб кетган кунлар кўп бўлган. Ана шундай кунларда сафдошлар кайфиятни кўтариш учун “Катюша” қўшиғига рақсга тушиб беришини илтимос қилишар, мириқиб рақсга тушиш орқали қорин ғами унутилиб, қалблар таскин топарди.
– 2020 йили Тошкентда нишонланган Ғалаба байрамига бордим. Президентимизнинг ўзлари мен билан суҳбатлашиб, Тўланбой ота яна бу соатни набираларга совға қилиб юборманг, деб қўлимга соат тақиб қўйдилар, – дея хонадон соҳиби йўқлаб келган меҳмонларга қўлидаги соатни кўрсатди.
Бундай эътибор ва рағбат Тўланбой ота каби тирик афсоналаримизнинг ҳаётини узайтирувчи энг муҳим омил бўлса, не ажаб!
М. Сулаймонов, ЎзА