Жиззах вилоятида автомобиль ҳаракатида кузатилаётган тирбандлик ва хавфсизлик муаммоларини бартараф этиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ тузилиб, ҳудуддаги йўллар ҳолати комплекс ўрганиб чиқилди.
Ушбу гуруҳ таркибига Транспорт вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Автомобиль йўллари бош бошқармаси ҳамда вилоят ҳокимлиги мутахассислари жалб этилди.
Ишчи гуруҳ фаолияти Президентимизнинг Жиззах вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқлар ижросини таъминлашга қаратилди.
Маълумотларга кўра, вилоятда умумий узунлиги 10,5 минг километрдан ортиқ автомобиль йўллари мавжуд. Улар орасида халқаро аҳамиятга эга йўллар 168 километрни, давлат аҳамиятидаги йўллар 1400 километрдан ортиқ масофани ташкил этади. Шунингдек, маҳаллий ва ички йўллар тармоғи ҳам кенг ҳудудни қамраб олган.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, Жиззахни кесиб ўтувчи М–39 “Тошкент – Термиз” йўлининг 98 километрлик қисмида кунлик транспорт оқими 55–60 минг автомашинага етиб, вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Иккинчи даражали йўлларнинг айнан бир нуқтада туташиши эса ҳаракатни секинлаштириб, узоқ тирбандликлар ва йўл транспорт ҳодисалари (ЙТҲ) хавфини ошириб келмоқда.
Ўрганишлар давомида фуқаролар эътирозларига сабаб бўлаётган, ҳаракат хавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатаётган 11 та муаммоли йўл участкаси аниқланди. Мутасаддилар томонидан бу жойларда йўл геометриясини яхшилаш, транспорт оқимини қайта тақсимлаш, пиёдалар ҳаракатини тартибга солиш ҳамда бошқа муҳандислик ечимларини жорий этиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.
Якуний таклифлар вилоятда автомобиль ҳаракатини янада хавфсиз, барқарор ва тезкор ташкил этишга хизмат қилиши кутилмоқда.
А. Қаюмов, ЎзА