Айни кунларда парламент қуйи палатасига қонун ташаббускорлари томонидан бир қатор янги қонун лойиҳалари киритилди. Бу ҳақда Қонунчилик палатасининг ахборот хизмати маълум қилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан киритилган янги қонун лойиҳасига кўра, тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ва мулкни хатлаш тарзидаги процессуал ҳаракатларни ўтказишга санкция бериш ваколатини прокурорлардан судларга ўтказиш назарда тутилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси масъул қўмита — Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан муҳокама қилинмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Қонунчилик палатасига киритилган лойиҳа олис ҳудудларда Интернет ва алоқа қамровини ошириш учун шароитларни янада кенгайтиришга қаратилган.
Қонун лойиҳаси кўчма радиотелефон алоқа соҳасида кўрсатиш мумкин бўлган фаолият турлари доирасини кенгайтириш, маҳаллий йўлдош алоқа тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва хизматларини кўрсатиш учун мавжуд давлат божларини камайтириш орқали олис ва чекка ҳудудларда юқори тезликдаги Интернет ҳамда алоқа қамровини таъминлаш, маҳаллий йўлдош алоқанинг ривожланиши, тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча шароитлар яратиш, шунингдек, бу йўналишда фаолият кўрсатувчи етакчи хорижий компанияларни жалб қилиш имкониятларини кенгайтиришни кўзда тутади.
Яна бир қатор янги қонун лойиҳалари масъул қўмиталарга тақдим этилиб, улар устида ишлаш бошлаб юборилган.
М.Комилова, ЎзА