13 февраль – Бутунжаҳон радио куни ФОТОРЕПОРТАЖ
Бугунги шиддатли технологиялар асрида радио ҳамон ўз аҳамиятини сақлаб келаётган муҳим ахборот манбаларидан биридир. У янгиликларни тезкор етказиш, фойдали маълумот бериш ва мусиқа орқали кайфият улашиш билан жамиятни ягона ахборот маконида бирлаштиради. Радио — содда, аммо таъсирчан алоқа воситаси.
Оммавий ва барча учун очиқ ахборот манбаи сифатида радио турли ёш ва ижтимоий қатлам вакилларини ахборот майдонида бирлаштиради. Шу боис у демократик ахборот платформаси сифатида эътироф этилади.
1946 йил 13 февраль куни BMT радиоси ташкил этилган. Шу муносабат билан UNESCO Бош конференцияси 2011 йилда 13 февраль санасини Бутунжаҳон радио куни, деб эълон қилди.
Сурхондарё вилоятида радио эшиттиришлар тарихи узоқ йилларга бориб тақалади. Термиз шаҳрида радио узатишлар 1940 йилда йўлга қўйилган. Илк даврда симли радио фақат шаҳар аҳолисига хизмат қилган бўлса, 1954 йилдан бошлаб эфирлар Бойсун туманининг тоғли ҳудудларидан ташқари бутун вилоятни қамраб олди.
1960–1970 йилларда вилоят радиоси кунига тахминан бир соат эфирга чиқар, дастурларнинг асосий қисми маҳаллий матбуот шарҳи ва қишлоқ хўжалиги мавзуларига бағишланар эди. Кечки эфирларда эса ўзбек ва рус тилларида янгиликлар, ижтимоий-иқтисодий таҳлиллар, маданий-дам олиш кўрсатувлари узатиларди.
[gallery-27635]
1986 йилда радио жамоаси учун алоҳида бино ажратилди. 1988 йилдан бошлаб эфир қамрови кенгайиб, тожик тилидаги дастурлар ҳам йўлга қўйилди.
— “Сурхондарё” радиоканали узоқ ва мазмунли тараққиёт йўлини босиб ўтган, - дейди радиоканал бош муҳаррири Илҳом Раҳматов. — 2003 йилдан бошлаб радио FM тўлқинларида эфирга чиқди ва дастурлар ҳажми 16 соатгача етказилди. Бугун FM 102,1 ва 101,0 тўлқинлари орқали жонли, маърифий, маданий ва кўнгилочар дастурлар, ҳар соат ахборот чиқишлари тингловчиларга тақдим этилмоқда.
Рақамли технологиялар ривожланган бугунги даврда ҳам радио ўз қимматини йўқотгани йўқ. Айниқса, интернет имкониятлари чекланган ҳудудларда у ишончли ва узлуксиз ахборот манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА фотомухбири