Ўзбекистон Республикаси Конституцияси миллий давлатчилигимиз, мустақиллигимиз, шу кунга қадар эришган барча ютуқ ва марраларимиз, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
Хусусан, Конституциямизда Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга оширади, деб белгиланган.
Бу борада мамлакатимиз фаол ташқи сиёсат юритмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси билан Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги дўстона, ўзаро ишончга асосланган муносабатларнинг янги босқичга кўтарилиши минтақанинг дунёдаги нуфузини оширди.

Натижада жорий йилнинг ўзида “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи”, “Марказий Осиё — Хитой”, “Марказий Осиё — АҚШ” саммитлари бўлиб ўтгани минтақанинг глобал сиёсатдаги шиддати ва стратегик аҳамияти ортиб бораётганини тасдиқлайди.
Бу каби ҳамкорлик алоқалари бошқа давлатлар билан ҳам ривожланмоқда. Бу эса мамлакатимиз ташқи сиёсатда очиқ, прагматик ва кўп векторли ташқи сиёсий фаолият юритаётганидан дарак беради.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган “Конституция — инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!”деган бош ғояни ўзида мужассам этган давра суҳбатида ана шу жиҳатларга тўхталиб ўтилди.
Тадбирда қайд этилганидек, янги таҳрирдаги Конституциямиз халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишларини ўзида ёрқин намоён қилди.

Янги Ўзбекистон стратегияси сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг муҳим тарихий босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва принципларини белгилаб бераётганига урғу қаратилди.
Бир қатор вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этган давра суҳбатида янгиланган Конституциямизнинг ташқи сиёсат, мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги норма ва принципларининг илмий таҳлилига оид маърузалар тингланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА