Тинчлик, аҳиллик бор ерда қут-барака бўлади. Инсонлар ҳаётдан мамнун, турмушнинг камчилик ва синовлари олдида сабр-бардош билан умр кечирадилар. Ҳеч ким тақдирдан нолимайди, чунки атрофда уни тушунган, хайрихоҳ инсонлар кўп. Аҳиллик, тотувлик ана шундай буюк неъмат.
Халқимиз азалдан бу буюк неъматни қадрлаб, кўз қорачиғидек асраган. Дуоларимизда ҳам энг кўп “юртимизда тинчлик ва тотувликни бардавом қилгин” деган ниятлар сўралади.
Бир кун жанжал бўлган ердан қирқ кун барака кетади, деган мақолни билмаган эшитмаган киши бўлмаса керак. Эсимизни танибмизки, шу мақол оилаларда тотувликни асрашнинг асосий шиори бўлиб келган. Ўзимииз астойдил ишонган ушбу мақолнинг ҳаётдаги исботига ҳам кўп гувоҳ бўлдик.

Жамият ҳам улкан бир оила, унинг ҳар бир аъзоси эса ана шу оиланинг бир фарзандидек гап. Мамлакатдаги осойишта турмуш, барака ва ривож ҳам ана шу якдил оиладек бўлган жамият аъзоларининг тотувлигига боғлиқ.
Бугун юртимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик асрлар давомида шаклланган маданият ва қадриятлар самарасидир.
Ўлкамиз қадимдан турли маданият, цивилизация ва динлар туташган чорраҳа бўлиб, буддавийлик, насронийлик, ислом ва бошқа динлар вакиллари бир-бирлари билан тотув яшаган. Шу боисдан ҳам бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва дўстлик ғоялари халқимизнинг тафаккурига чуқур сингиб кетган.
Зардуштийликка оид ноёб топилмалар эса бу заминда дин тарихи, маданият ва илм-фан тараққиёти узоқ ўтмишга бориб тақалишидан дарак беради. Шу учун ҳам бу заминда ҳамиша маърифат жаҳолатдан устун бўлган.
Шуни ҳам алоҳида ифтихор билан айтиш мумкинки, Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замаҳшарий каби уламоларимиз ислом маърифати, маданияти ва фиқҳ илми ривожига улкан ҳисса қўшганлар.
Бугун Ўзбекистон ислом моҳиятини замонавий талқинда тарғиб этиш, унинг асл моҳиятидан келиб чиқиб, мамлакат ва халқаро майдонда диний бағроикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш борасида чинакам ибрат намунаси бўлмоқда.
Юртимиздаги диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик муҳити барқарорлиги боис 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари тинч-аҳил яшаб келмоқда.
Бағрикенглик сиёсатининг ислоҳотларда устувор мазмун касб этаётгани энг аввало қабул қилинаётган қонун ҳужжатларида акс этмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун бу соҳада мустаҳкам ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, Давлатимиз раҳбари томонидан миллатлараро тотувлик ва хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни ўзида мужассам этган қатор фармон ва қарорлар қабул қилинган.
2025 йилда ҳам бу йўналишда ўта муҳим қадамлар ташланди, қонунчилик янада такомиллаштирилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 февралдаги ЎРҚ-1037-сон Қонуни билан Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси тасдиқланди. Мазкур концепция юртимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик муҳитини янада барқарор этишда муҳим роль ўйнамоқда.
Концепция давлатчилигимиз ривожининг бой миллий-тарихий тажрибасига ва умуминсоний қадриятларга таянган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, кўпмиллатли ва кўпконфессияли Ўзбекистонда умумжамият манфаатларини рўёбга чиқариш, демократия, дунёвийлик, эркинлик, тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик асосида ўзаро тотувликда яшаш ҳамда изчил тараққий этиш учун зарур барқарор муҳитни таъминлашга қаратилган.
Концепцияда виждон эркинлиги, дунёвийлик, дунёвий давлат, дунёвий қадриятлар, умумжамият манфаатлари тушунчаларига аниқ таъриф берилган.
Хусусан, дунёвий қадриятлар тушунчаси – виждон эркинлигига, қонун устуворлигига, мафкура ва фикрлар хилма-хиллигига, динлараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувликка асосланган жамиятдаги умуминсоний принциплар, нормалар ва қарашлар мажмуи, дея таърифланган.
Концепциянинг муҳим аҳамият касб этувчи жиҳатларидан бири – дунёвий давлатда диний қадриятлар ҳам муҳим ўрин тутишига алоҳида урғу берилган. Диний қадриятлар Ўзбекистон халқининг маданияти, турмуш тарзи, урф-одатлари, одоб-ахлоқининг шаклланишига ҳамда уларнинг авлоддан-авлодга мерос бўлиб ўтишига хизмат қилаётгани қайд этилган.
Диний эътиқодлар ва диний бағрикенглик, динларнинг асл инсонпарварлик моҳияти халқни бирлаштирувчи, оилаларда ўзаро ҳурмат-иззат ва меҳр-оқибатни мустаҳкамловчи асрий қадриятлар манбаи экани эътироф топган.
Дунёвий давлат диний қадриятлар ва эътиқодларнинг ҳурмат ва ҳимоя қилиниши, изчил ривожланиши учун зарур ижтимоий муҳит яратиб, виждон эркинлигига бўлган конституциявий ҳуқуқнинг тўлақонли амалга оширилишини таъминлаши таъкидланган.
Диний қадриятларга юксак ҳурмат руҳида ишлаб чиқилган қонун ҳужжатлари бугун чин маънода мамлакатимиздаги бирдамлик, аҳиллик ва халқимизнинг якдил оила сифатида шаклланишига хизмат қилмоқда.
Бугун Ўзбекистонда 2 373 та диний ташкилот бўлиб, шундан 2 174 таси исломий ва 199 таси ноисломий ҳисобланади.
Яратилган мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор боис, сўнгги саккиз йилда республика бўйича жами 134 та диний ташкилот, шу жумладан 3 та олий ва 1 та ўрта махсус ислом билим юрти, 105 та масжид ҳамда 25 та турли конфессияга тааллуқли ноисломий диний ташкилот давлат рўйхатидан ўтказилди.
Жамият аъзоларида ўзаро бирдамликни янада мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар доирасида бағрикенглик фазилатини кенг тарғиб этишга алоҳида урғу берилмоқда.
Хусусан, 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан жорий йил мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Янги Ўзбекистон – бағри кенг диёр” шиори остида “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилди. Тинчлик ва ҳамжиҳатлик барқарорлиги учун хизмат қилаётганларга эҳтиром кўрсатилди.
Ўзбекистон диний бағрикенглик сиёсати самарадорлиги борасида чинакам ибрат намунасига айланмоқда.
Бунинг боиси Президент Шавкат Мирзиёев нуфузли халқаро тадбирлардаги чиқишларида бағрикенглик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш масаласига алоҳида урғу бермоқда.
Хусусан, Давлатимиз раҳбари яқиндагина кўҳна Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясидаги нутқида тинчлик ва бағрикенглик — Исломнинг ҳақиқий моҳияти эканини алоҳида урғулади.
Давлатимиз раҳбари дунёда динлараро зиддиятлар тобора кучайиб бораётган ҳозирги шароитда бағрикенглик, ўзаро тушуниш ва тотувлик каби умуминсоний ғояларни кенг тарғиб этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимлигини таъкидлади.
Турли дин ва эътиқод вакиллари ўртасидаги кескинлик ва низолар, исломофобия каби салбий ҳолатлар жаҳон тинчлиги ва барқарорлиги учун жиддий таҳдид солаётган бугунги кунда Исломнинг ҳақиқий моҳияти, унинг тинчлик, бағрикенглик, илм-фан ва цивилизация ривожига қўшган ҳиссасини очиб бериш орқали, кўп ҳолларда нотўғри тушуниладиган ёки бузиб кўрсатиладиган салбий қарашларни (исломофобия) енгиш мумкинлигини таъкидлади.
Ислом маданияти ва маърифати бойлиги, умуминсоний қадриятларга мослигини кўрсатиш орқали турли маданият ва дин вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва тушунишни ошириш ташаббусини илгари сурди.
Президентимиз Ислом маданияти ва маърифатини дунёга тараннум этиш орқали радикализм ва исломофобияга қарши самарали курашиш мумкинлигини эътироф этар экан, бу борада Ўзбекистонда амалга оширилган ноёб лойиҳалар — Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд тадқиқот марказлари салоҳиятидан биргаликда фойдаланишга чақирди.
Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган ушбу фикрлар дунё аҳли учун Ислом дини ҳақида холис хулоса қилишга жиддий чорлов ҳамда Ислом маданияти ва илми изланувчилари учун муҳим чақириқ бўлди
Президент Шавкат Мирзиёев 12 декабрь куни Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган халқаро форумдаги нутқида ҳам Янги Ўзбекистон учун жаҳонга очиқлик, ўзаро ҳурмат ва мулоқотга интилиш – фундаментал қадриятлардан эканини алоҳида қайд этди.
Ўзбекистон бағрикенг ўлка экани давлатимиз мадҳиясида ҳам ўз ифодасини топган. Унда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатлар яхлит бир халқни – Ўзбекистон халқини ифода этади. Унинг бирдамлиги, аҳил ва тотувлиги ҳар биримизнинг бағрикенглик масъулиятимизга боғлиқ.
Биз тинч ва осойишта ҳаёт кечиришни, авлодлар учун обод Ватан, фаровон келажак яратишни истар эканмиз, тинчлигимизни кўз қорачиғимиздек асрашимиз зарур. Бунга эса диний бағрикенглигимиз, умуммиллик тотувлигимиз орқалигина эриша оламиз.
Бағрикенглик ва тотувлик қадри устувор қадриятлармиз барҳаёт бўлсин!
Абдумуталлиб ЎКТАМОВ,
журналист.