Муносабат
Бугунги беқарор ва зиддиятли глобал вазиятда тинчлик, ўзаро ишонч ва бағрикенглик қадриятларининг баҳоси ҳар қачонгидан ҳам баланд. Президент Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча Ашхобод шаҳрида ўтказилган Туркманистон доимий бетарафлигининг 30 йиллиги, Халқаро бетарафлик куни ҳамда 2025 йил “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” деб эълон қилинганига бағишланган халқаро форумдаги нутқи нафақат минтақавий, балки жаҳон сиёсий майдонида ҳам ўта долзарб масалаларга чуқур, стратегик ёндашувни намоён этди.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар бугунги куннинг мураккаб вазиятларида тинчликни мустаҳкамлаш, ишончни тиклаш ҳамда интеграция ва дипломатияни кучайтириш борасида Ўзбекистоннинг аниқ позициясини ифода этади. Хусусан, давлатимиз раҳбари Туркманистоннинг фаол бетарафлик моделини “суверенитетни ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик ва конструктив дипломатия уйғунлиги” сифатида эътироф этди.

Шунингдек, Президент нутқида алоҳида таъкидлаган муҳим фикрлардан яна бири бу – Янги Ўзбекистон учун жаҳонга очиқлик, ўзаро ҳурмат ва мулоқотга интилиш фундаментал қадрият эканлигидир. Бу фикр нафақат ташқи сиёсат, балки ички ислоҳотларимиз моҳиятини ҳам белгилайди. Чунки, очиқлик демократик жараёнларнинг, мулоқот эса ижтимоий барқарорликнинг асоси ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан, парламент очиқлигини кучайтириш, жамоатчилик назоратини кенгайтириш, халқаро парламентлараро мулоқотни фаоллаштириш, ёшларни глобал мулоқот жараёнларига жалб этиш каби вазифаларни устувор деб ҳисоблаймиз.
Шу билан бирга, форум доирасида Президент билдирган “Самарқанд ташаббуси” инсоният келажаги учун бефарқ бўлмаган, тинчлик, тотувлик ва барқарор тараққиётга интилаётган барча томонларни мулоқотга жалб этишга қаратилгани билан янада аҳамиятлидир. Фақат ўзаро ҳурмат ва тушунишга таянган гуманистик ҳамда инклюзив ёндашувларгина замонавий халқаро ҳамкорлик конструкциясини мустаҳкамлашга қодир.
Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг Қўшилмаслик ҳаракатидаги бўлажак раислиги даврида тинчлик ва зўравонликдан холилик маданиятини қўллаб-қувватлаш бўйича глобал ҳаракатни рағбатлантириш, сиёсий мулоқот асосида давлатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, жаҳонда бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳитини қарор топтиришга кўмаклашиш бош устувор йўналишлар сифатида белгиланди.
2027 йилни Превентив дипломатия йили деб эълон қилиш ташаббуси инсоният учун беқиёс аҳамиятга эга. Чунки можароларни содир бўлгач ҳал қилиш эмас, балки уларни олдини олиш XXI аср дипломатиясининг энг муҳим талабидир. Бу жараёнда тинчлик ва хавфсизлик соҳасидаги қонунларни замон талабларига мос равишда такомиллаштириш, ёшлар дипломатиясига оид дастурларни қўллаб-қувватлаш ҳамда БМТ ва минтақавий структуралар билан парламентлараро мулоқотни фаоллаштириш ҳар қачонгиданда муҳим.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, бугун Марказий Осиёдаги ҳамжиҳатлик, ўзаро ишонч ва яқин қўшничилик сиёсати минтақамизда барқарор ривожланишнинг асосий омилларидан саналади. Ўтган қисқа даврда жуда катта, аҳамиятига кўра тарихий йўлни босиб ўтдик. Очиқ мулоқот ва биргаликдаги фаол саъй-ҳаракатлар натижасида минтақамиз учун долзарб бўлган қатор муаммоларга самарали ечимлар топишга муваффақ бўлинди.
Жумладан, ҳудудий масалалар узил-кесил ҳал этилди, чегара пунктлари очилди, сув-энергетика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилди, транспорт алоқалари қайта тикланди, мамлакатларимиз ўртасида фаол савдо-инвестиция ва гуманитар алоқалар учун қулай шароит яратилди. Натижада, ўтган йили минтақа мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 10,7 миллиард АҚШ долларига етди. Минтақамизга киритилган инвестициялар умумий ҳажми 17 фоизга кўпайди.
Биргина, Туркманистон мисолида кўрилса жорий йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми қарийб бир миллиард долларга етди. “Шовот-Тошҳовуз” чегараолди савдо зонаси муваффақиятли фаолият юритмоқда. Юк ташиш ҳажми 30 фоизга ошди, жумладан, Туркманбоши порти орқали етказиб бериш фаоллашди. Фаол гуманитар ва ҳудудлараро алмашинувлар давом этмоқда.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, тинчлик бу – бирор бир мамлакатнинг шахсий манфаати эмас, балки умуминсоний қадриятдир. Ўзаро ишонч эса унинг асосий таянчи. Шу боис биз, Қонунчилик палатаси депутатлари, Президентимиз томонидан илгари сурилаётган ғоя ва ташаббусларни қонунчилик даражасида чуқур қўллаб-қувватлаш, уларнинг амалиётда тўлиқ татбиқ этилиши учун барча зарур чораларни кўришни ўзимизнинг долзарб вазифамиз деб биламиз.
Тинчлик, ишонч ва ҳамжиҳатлик йўли бизнинг стратегик танловимиздир. Шу йўлдан изчил ва қатъият билан бориш фарзандларимиз учун фаровон, осойишта ва ҳамжиҳатликка асосланган келажак яратиш демакдир.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Меҳнат, соғлиқни сақлаш
ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.
ЎзА