Пойтахтимиздаги «Биродарлар қабристони» мемориал мажмуаси 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамшаҳарларимиз, пойтахт меҳмонлари, турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, халқаро ташкилотлар, элчихоналар вакиллари, тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етадиган оддий одамлар билан гавжум бўлди.
Халқимиз азалдан тинчликпарвар, адолатпарвар, осуда кунларнинг қадрига етиб яшайдиган халқ сифатида ном қозонган. Янгиланиб бораётган Ўзбекистон сифатида дунёда эътироф этилаётган Ватанимизда тинчлик, миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги ўзаро аҳиллик, биродарлик, ижтимоий барқарорлик муҳитини мустаҳкамлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизда кенг нишонланаётган 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган барча маърифий тадбирлар, ижтимоий лойиҳаларда бу жиҳатлар яна бир карра ўзининг ёрқин амалий ифодасини топмоқда. Давлатимиз раҳбари мамлакатимизнинг турли ҳудудларига ташрифи чоғида, оддий одамлар билан учрашув жараёнида юртимиздаги тинчликни кўз қорачиғидек асраб-авайлашни, нуронийлар ҳолидан хабар олишни, умуман, Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизм устидан қозонилган ғалабада ўзбек халқининг муносиб ҳиссаси, унинг аҳамияти ва моҳияти хусусида кўп бор сўзлайди.
Бу бежиз эмас, албатта. Негаки, бугунги тўкин-сочин, тинч, фаровон, маъмурликка, шиддатли тараққиётга юз тутган даврларга етиб келишда боболаримизнинг жасорати, матонати беқиёс ўрин тутади.
“Биродарлар қабристони” мемориал мажмуасидаги хотира ёдгорликлари пойига келган ҳар бир инсоннинг чуқур ўйга толганига, аждодлар жасоратига эҳтиром кўрсатганига такрор-такрор гувоҳ бўлиш мумкин.
Ота-оналар фарзандларига, нуронийлар жажжи невараларига бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз қандай оғир машаққатлар, қаҳрамонликлар эвазига эришилгани ҳақида сўзлашдан чарчамайди. Мажмуадаги хотира ёдгорликлари, мунгли онахон ҳайкали, мангу ёнаётган олов атрофи эрта тонгданоқ анвойи гулларга тўлиб кетган эди.
– Ҳеч кимга урушни кўргулик қилмасин, – деди Афғон уруши фахрийси Раҳимжон Султонов. – Урушнинг кинофильмлардаги тасвири билан реал манзараси ўртасида осмону ерча фарқ бор. Ҳар лаҳзада ўлим билан рўбарў келишдек жараённи кинематография тилида ифода этиш осон иш эмас. Кейинги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини устувор билиш, ҳатто энг оддий одамнинг ҳам дарду ташвишларини тинглаш, уларга ечим топиш масаласи мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган янгиланиш жараёнларида бош мақсадга айланди. Бу жиҳатлар Иккинчи жаҳон урушида эришилган зафарда Ўзбекистон халқининг қўшган ҳиссасини муносиб тарзда эътироф этиш, уни қайта ўрганиш, ёшларга етказишда, байналмилалчи жангчиларнинг имтиёзларини қайта тиклашда, умуман, барча жиҳатларда яққол кўзга ташланмоқда.
Шунданми, бугунгидек, Хотира ва қадрлаш тадбирларига юртдошларимиз энг аввало қалб даъвати билан оқиб келмоқдалар. Тинчлик учун жонини бахшида этган боболари хотирасини мудом ардоқламоқда.
– Ватанининг озодлиги йигит учун ўз шаъни, обрўси, ғурури билан баробардир, – деди фахрий Одилжон Мамутов. – Юртимизда бугун тинч ва осуда ҳаётнинг қадрига етиш ҳар бир инсон учун ор-номус, ўз ота-онасининг қадрига етмоқлик билан баробардир. Шу сабабли ҳам мамлакатимиздаги тинчликни кўз қорачиғидек авайлаш барчамизнинг бурмиздир. Ватан тинчлиги, унинг озодлиги учун қон тўкканларни, азиз жонини тиккан зотларни унутиш мумкин эмас!
– Биз умр бўйи Тошкентда яшаганмиз, – деди Наталья Шумилова. – 9 май – Хотира ва қадрлаш куни назаримда барча ўзбекистонликлар учун жуда муқаддас байрам. Иккинчи жаҳон уруши мамлакатимиздаги ҳар бир оилада ўз асоратини қолдирган. Жумладан, бизнинг авлодимиздан 15 нафар киши урушда иштирок этган. Бугунги сана шунчаки сана эмас. Боболар хотирасини мудом эъзозлаш, бугунги фаровон ҳаётни қадрига етишда даъват этиши билан ҳам жуда қадрлидир. Шунинг учун бу мажмуага доим фарзандларимиз, невараларимиз билан келишни, Ғалаба онларини яқинлаштирган қаҳрамонлар хотирасига таъзим қилишни, уларнинг жасоратидан сўзлашни сира канда этмаймиз.
9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган маърифий тадбирлар мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири