ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро вилояти Олот туманида истиқомат қилаётган 98 ёшли Ҳожимурод ота Бектошев навқирон 18 ёшида фронтга чақирилган.
Отахон 1944 йил урушга кетиб, 1950 йилда ёруғ юз билан Ватанга қайтади. Урушдан сўнг узоқ йиллар тумандаги 4-умумтаълим мактабида ўқувчиларга сабоқ берган. Ҳозирда 7 нафар фарзанди, 35 набира ва 40 дан зиёд чеваралар меҳри оғушида, элу юрт ардоғида умргузаронлик қилмоқда.
[gallery-17358]
Отахоннинг хонадони ҳамиша гавжум. Уни йўқлаб, дуосини олгувчилар кети узилмайди.
Бугун ҳам байрам баҳона Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамда туман бўлинмаси ходимлари ёшлар ҳамроҳлигида отахоннинг ҳолидан хабар олди.
Табаррук бобо меҳмонларга ўзининг фронтда кечган ҳаёти, Ватанимиз тинчлиги учун қурбон бўлган сафдошлари ҳақида сўзлаб берди. Бугунги дориломон кунларнинг қадри беқиёс эканлигини ёшларга бот-бот уқтирди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА