Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг 2023 йилги фаолияти таҳлилига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Қўмита раисининг ўринбосари Азамат Тошев турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар ўртасидаги ўзаро тотувлик, ҳамжиҳатликни таъминлаш, жамиятимизда ижтимоий барқарорликни, тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш масаласи янги Ўзбекистонни барпо этиш борасидаги ислоҳотларда устувор аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
2023 йилда айни жиҳатлар қўмита фаолиятида ҳам муҳим ўрин эгаллагани эътиборлидир. Жамиятда миллатлараро тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш ва хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлашга қаратилган 1 та қонун, Президентнинг 2 та қарори, ҳукуматнинг 18 та қарори ва фармойиши лойиҳалари тайёрланди.
Қўмита томонидан тегишли Давлат дастури ва “Ўзбекистон – 2023” стратегиясида белгиланган вазифалар тўлиқ бажарилди. Бугунги кунда қўмита мамлакатимиздаги 157 та миллий маданий марказ, 38 та дўстлик жамияти ва хориждаги 98 та ватандошлар жамияти билан ҳамкорлик қилмоқда.

Миллий маданий марказларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан 20 миллиард сўмга яқин маблағ ажратиш белгиланган. 2023 йилда учта миллий маданий марказ ташкил этилди.
Республикада фаолият кўрсатаётган миллий маданий марказлар томонидан 2023 йилда жами 15 мингдан ортиқ тадбир ўтказилди. 27-30 июль кунлари республика бўйлаб “Дўстлик фестивали” доирасида концерт дастурлари, кўргазмалар, видеороликлар танлови, “Халқлар дўстлигини мустаҳкамлашда халқ дипломатиясининг ўрни” мавзусида халқаро конференция ва “Дўстлик оҳанглари” гала-концерти ташкил этилди. “Дўстлик фестивали” доирасида 529 тага яқин маданий-маърифий ва илмий-амалий тадбирларда 100 мингдан ортиқ киши иштирок этди.
Юртимизнинг барча ҳудудларида кенг жамоатчилик ва ёшлар иштирокида 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган “Бағрикенглик ҳафталиги” баланд руҳда ўтказилди. Ҳафталик доирасида 10 мингга яқин маданий-маърифий ва илмий-амалий тадбирларда 2,5 миллион нафардан ортиқ киши иштирок этди.

Бугун қўмита «халқ дипломатияси» механизмидан фаол фойдаланган ҳолда тинч ва фаровон ҳаётни асраш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, чет элдаги ҳамюртлар билан яқин ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйишга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Халқаро анжуманлар, кўргазмалар, концертлар, семинарлар, викторина, давра суҳбати, мулоқотлар, делегациялар ташрифи бўлиб ўтди. Чет элдаги ҳамкор ташкилотлар билан икки томонлама алоқаларни ривожлантириш бўйича 5 та англашув меморандумлари ва коммюнике имзоланди.
Йўналиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 5 та фармойиш лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Вазирлар Маҳкамасига киритилди. Қўмитанинг барча тадбирлари 60 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёритилди.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Н.Усмонова, ЎзА