Нурафшон шаҳри марказидаги Хотира майдонида Мотамсаро Она ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ўтказилди.
Унда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, турли корхона ва ташкилотлар масъуллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Барча Ватанимиз тинчлиги ва фаровон ҳаётимиз намунасига самимий ҳурмат бажо келтирди. Ҳарбий оркестр ижросидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради, шундай лаҳзаларда ватанимиз тинчлиги ва мустақиллигимизнинг қанчалар муқаддас экани ҳар бир инсон кўнглидан яна бир бор ўтган бўлса ажаб эмас.


Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Тошкент вилоятидан Иккинчи жаҳон урушига 123 мингга яқин фуқаролар юборилган. Шулардан, 70 мингдан зиёди ҳалок бўлган 5,5 мингга яқин жангчилар бедарак йўқолган.
Тадбир давомида ҳудуд аҳолиси, кексалар ва ёшлар фаол қатнашди. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш керак. Мамлакатимизда 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказилаётган турли тадбир ва маросимлар, уруш фахрийлари ва кексаларни йўқлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш замирида мана шу юксак инсоний моҳият мужассамдир.


Байрам арафасида вилоят ҳокими уларнинг хонадонларида бўлиб, давлатимиз раҳбарининг табригини ўқиб эшиттирди ҳамда бир марталик пул мукофоти ҳамда эсдалик совғаларини топширди.
А.Мусаев, ЎзА