English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тинчлик музокараси учун ҳали вақт етилмади...
12:37 / 2023-05-15

Россия-Украина

14 май куни Украина Президенти Владимир Зеленский Парижда ҳамкасби Эммануэль Макрон билан учрашди. Мулоқот натижасига кўра, Киевга режаланганидан ҳам кўпроқ қурол-аслаҳа етказиб берилишига умид билдирилди.

Германия канцлери Олаф Шольц Украинанинг Европа Иттифоқи билан яқин муносабатини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда у Президент Владимир Зеленскийга Буюк Карл мукофотини топшириш маросимида айтган.

“Бизнинг умумуий тарихимиз давом этади. Украина Европа оиласининг бир қисми. Киевнинг ЕИга интилишини тўлиқ қувватлаймиз”, деган Шольц.
 Украина етакчиси Италиядан Берлинга келиб, Президент Франк-Вальтер Штайнмайер билан кўришган. Музокара чоғида Зеленский Киевга етказиб бериладиган қурол-аслаҳа чекловини олиб ташлашга чақирган.

Матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда ташқи ишлар вазири Анналена Бербок, мудофаа вазири Борис Писториус, молия вазири Кристиан Линднер ва бошқ расмийлар ҳам иштирок этган.

Зеленский ўз чиқишида “Биз Россия ҳудудига кўз олайтирмаяпмиз, ўз ҳудудларимизни озод қиляпмиз”, деган. Унинг сўзларига кўра, Киев қарши ҳужум бошлашдан манфаатдор эмас, “бунинг учун вақт ҳам, куч ҳам йўқ”.
“Германия Киевга яна 11 миллиард евро миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатади”, дейилади ҳукумат матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Ўтган йил февраль ойидан буён Германия Украинага 17 миллиард евродан ортиқ ёрдам кўрсатган.

Октябрь ойида Украинада парламент сайлови бўлиб ўтади. “Агар мамлакатда ҳарбий ҳолат давом этса, сайлов ташкил этилмайди, Конституция ҳарбий ҳолат пайтида сайлов ўтказишни ман этади”, дея баёнот берди Зеленский.

Венгрия ташқи ва ташқи савдо алоқалари вазири Петер Сийярто бугун Хитойга етиб боради ва расмийлар билан Украина атрофидаги зиддиятни муҳокама қилади, деб хабар берди ТИВ матбуот хизмати.

“Биз ХХРнинг тинчлик режасини қўллаб-қувватлаймиз, бу урушни тўхтатишга қаратилган”, дейилади вазирлик хабарида.

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ўтган йил ҳинд талабаларини олиб чиқиб кетиш учун Украинада жанговар ҳаракатни тўхтатиш бўйича келишолмаганини айтди. Бу ҳақда “The Hindu” газетасига интервью берган мудофаа вазири Ражнатх Сингх маълум қилди.

“Бу масалада давлат раҳбари Зеленскийдан ташқари АҚШ етакчиси Жо Байден билан ҳам музокара ўтказган”, қўшимча қилди вазир.

Киев томонидан режаланган аксил ҳужумни ўтказишга ҳали анча эрта, дея баёнот берди “RMF” радиостанциясига Польша Президентининг халқаро муносабатлар бўйича расмийси Марчин Пшидач.

“Томонлар қандайдир ҳужум ёки қарши ҳужум ҳаракатини амалга оширмас экан, икки томоннинг тинчлик музокарасига тайёрлиги тўғрисида гапириш мушкул”, деб ҳисоблайди Пшидач. Бугун Украина етакчиси Лондонга етиб боради, унинг Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак билан музокара ўтказиши режаланган. Бу ҳақда ижтимоий тармоқда айтилган.

Аброр ХОН,

ЎзА