Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Тинчлик миссияси” давом этмоқда...
11:41 / 2023-05-11

Россия - Украина

Ватикан давлат котиби кардинал Пьетро Паролин аввалроқ Рим Папаси Франциск маълум қилган “тинчлик миссияси” масаласида Москва ва Киев билан музокара ўтказилгани хабарини берди.

“ANSA” агентлиги унинг сўзларига таяниб, “миссия ишини давом эттиради, кўрилаётган масалалар, ҳозирча, махфий” дею ёзди.

Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер фикрича, Украинадаги мавжуд вазият Европанинг узоқ муддатли хавфсизлик тартиботи бузилишига олиб келади. “RBB” радиостанцияси унинг баёнотидан қуйидаги иқтибосни келтирган:

- Афсуски, бугун хавфсизлик қойим эмас. Украина зиддияти тугагандан кейин ҳам аввалги хавфсизлик фалсафасига қайтишимиз даргумон.

Хитой Украина масаласида аниқ қарашга эга бўлиши керак, деди ГФР ташқи ишлар вазири Анналена Бербок.

“БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзоси сифатида Хитой дунёда тинчликни таъминлаш бўйича алоҳида масъулиятга эга”, қўшимча қилди у.

Жанубий Африка Республикаси Украина зиддиятини тинч йўл билан ҳал этишда бевосита кўмаклашишга тайёр. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар ва ҳамкорлик вазири Наледи Пандор баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, ЖАР раҳбари Россия ва Украина етакчилари билан алоқани узмаган.

Украинанинг НАТОга эҳтимолий киришини Бош котиб Йенс Столтенберг ҳал қилмайди, бу масала бўйича қарор Альянснинг барча аъзолари томонидан қабул қилинади, деди “laSexta” телеканалига интервьюсида ЕИ ташқи сиёсат хизмати раҳбари Жозеп Боррель. Унинг қайд этишича, мазкур масала ҳозир “кўриб чиқилмаяпти”.

АҚШ Молия вазири Жанет Йеллен ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзганидек, Японияда ўтадиган “G7” йиғилишида Украинага ёрдам мавзуси кўриб чиқилади.

АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп Украинадаги зиддиятни тўхтатиш учун Путин ва Зеленский билан кўришишга тайёр.

“CNN” телеканали мухбири билан суҳбатда у “низони 24 соатда ҳал қилиши мумкин”лигини айтган.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг расмий вакили Иброҳим Калин Россия Президентини туркиялик ҳамкасбига Украина масаласида тараф танлашни мажбурлашга уринмайдиган, узоқни кўра оладиган етакчи, деб атаган.

“Биз Россия томонига зиддият Украина ҳудудий яхлитлиги ва сиёсий мустақиллиги сақланган ҳолда ҳамда барча аннекция қилинган ҳудудлар қайтарилиши шарти билан ниҳоясига етиши кераклигини билдирганмиз, Туркиянинг бу масалага ёндашувидан Россия яхши хабардор”, деган Калин.

Си Цзиньпин Украина муаммосини ҳал этиш учун киритган таклиф асосида ишлаш керак, деди ХХР  ташқи ишлар вазири Цинь Ган.

Хитой ТИВ матбуот хизмати унинг “Пекин низо сиёсий йўл билан ҳал этилиши кераклигини айтган, Хитой бу мавзуда конструктив роль ўйнашда давом этади”, сўзларини иқтибос тарзида келтирган.

Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Сильванинг халқаро ишлар бўйича махсус вакили Селсу Аморим Украина раҳбари Зеленский билан кўришган ва унга Киев ва Москва ўртасида бўлажак музокара юзасидан воситачилар гуруҳи тузиш режаси мазмунини етказган. Бу ҳақда “Globo” газетаси хабар берди.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба “қарши ҳужум қандай натижа билан тугашини билмайман, муваффақиятсиз чиқса, яна бир марта амалга оширамиз”, деган.

“Bild” нашри мухбирига вазир ҳарбий ёрдам тўғрисида Берлинга мурожаат қилганини айтган. “Ғалаба учун қурол-аслаҳа керак, Германияда эса бундай воситалар бисёр”, дея қўшимча қилган у.

 

Аброр ХОН,

ЎзА