Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Тинчлик Конституцияси”, “Халқчил қомус” ва бошқалар...
13:56 / 2022-12-07

8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун

Демократик давлатнинг асосий қонуни саналадиган Конституция мамлакат ва жамият қурилиши, инсоннинг ҳуқуқи ва мажбуриятини ўзида мужассам этган Бош ҳужжатдир.

Бу йил Ўзбекистон Республикаси Конституция қабул қилинганига 30 йил тўлади. Шу муносбат билан дунёдаги илк конституция қачон, қаерда пайдо бўлгани, ҳамма давлатлар ҳам ўз конституциясига эгами ёки йўқлиги ҳақида айрим қизиқарли маълумотларни тақдим этамиз.

Маълумотларга қараганда, «Конституция» сўзи лотинчада “constitutio” – тузум, тузилиш маъносини англатади. Бундан қарийб тўрт минг йил аввал қадимги Бобилда яратилган Хаммурапи қонунида ҳам конституцияга хос кўпгина унсурлар акс этган.

Баъзи манбаларда 1787 йил Филадельфияда қабул қилинган АҚШ конституцияси дастлабки конституция сифатида тилга олинади. Аслида, янаям олдинроқ пайдо бўлган конституциялар ҳам бор. Масалан, дунёдаги энг кичик давлатлардан бири – Сан-Марино Республикаси асосий қонуни 1600 йил жорий этилган. 1710 йил 5 апрелда кучга кирган Филипп Орлик конституцияси ҳам баъзи манбаларда Европанинг илк конституцияси сифатида эътироф этилади. Ушбу ҳуқуқий тизим Сан-Маринода 1300 йил давомида қўлланган Шаҳар Хартиясининг янгиланиши эди.

Эслатиб ўтамиз, Сан-Марино Италия марказида жойлашган анклав бўлиб, 61 кв/км жойни эгаллаган, 33 минг аҳолиси мавжуд мамлакат.

Ҳинд халқи мустақилликка эришгандан икки йил ўтиб, 1949 йил 26 ноябрда қабул қилинган, 395 модда, 12 йирик илова, 117400 сўздан иборат Ҳиндистон конституцияси ҳажман дунёда энг йирик ҳисобланади. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатга 500 дан ортиқ ўзгариш ва қўшимча киритилган, 80 та янги модда қўшилган, қомуснинг 20 та моддаси бекор қилинган.

Шу ўринда айтиб ўтиш керак, АҚШ конституцияси ҳажман энг кичик – 4400 сўздан иборат бўлишига қарамай, икки асрдан кўпроқ вақт мобайнида бор-йўғи 27 марта ўзгартирилган. Янги моддаларнинг 10 таси “Инсон ҳуқуқи ҳақида билл”, деб номланади. Ҳужжатнинг илк матнида асосий эътибор федерал давлат тузилишига қаратилган бўлиб, инсон ҳуқуқига оид меъёр, деярли, йўқ эди.

Дунёда конституцияга эга бўлмаган давлатлар ҳам бор. Буюк Британия ва Янги Зеландия қонунчилик ривожланган демократик давлатлар бўлса-да, яхлит ҳуқуқий ҳужжатга эга эмас. Буюк Британияда конституциявий ҳуқуқ парламент қабул қиладиган қонунларда акс этади. Қироллик 1689 йилдаёқ “Хабеас корпус акти”ни қабул қилган.

Норвегия конституциявий акти 1814 йил 17 майда қабул қилинган бўлиб, Европадаги энг қадимги қонунлардан биридир. 11 апрель куни Эйдсволь шаҳрида савдогар Карстен Анкер саройида штат таъсис мажлисига 112 киши йиғилди. Тўпланганларнинг ўртача ёши 42,8 ни ташкил этди. Эйдсволь Конституцияси Норвегияни дуалистик монархия сифатида белгилаган. Монарх фақат ижро этувчи ҳокимият бошлиғи сифатида кўриб чиқилди. Мамлакатда муҳим молиявий ҳуқуққа эга ягона қонун чиқарувчи орган парламент – Стортинг эди.

Нидерландиянинг асосий қонуни 1815 йил 24 августда жорий этилган. Аввал ҳокимият қирол қўлида бўлиб, икки палатали парламент қонун ижодкорлиги билан шуғулланган. Мамлакат конституциясининг асосий эволюцияси 1848 йил, бошқарув шакли ўзгаргач содир бўлди. Автократиядан конституциявий монархияга, кейинчалик парламент демократиясига ўтилди.

Бельгия 1831 йил 7 февралда мустақилликка эришгач, Миллий конгресс асосий қонунни тасдиқлади. Конституция глобал миқёсда фақат 160 йилдан кейин – 1993 йил федерал тизимга ўтиш муносабати билан қайта кўриб чиқилди.

Ҳозиргача кўп бор таҳрирга учраган Аргентина қомуси 1853 йил пайдо бўлган. Биринчи ўзгариш тасдиқлангандан кейин 7 йил ўтиб амалга оширилди. 2008 йил матнга президент ҳокимияти муддатини чеклашни назарда тутувчи ўзгариш киритилди.

Польша Европада биринчи ва жаҳонда иккинчи конституция айнан шу мамлакатда қабул қилинганига ишонади. 1791 йил 3 майда “Тўрт йиллик сейм” мажлисида маърифатпарварлик ва шаҳар аҳолиси ҳуқуқини кенгайтириш ғоясига мувофиқ, Ҳамдўстлик тизимини ўрнатган конституция амалиётга киритилди. Конституция Польша бўлиниши билан кучини йўқотди. Мамлакат Россия, Пруссия ва Австрия томонидан босиб олинди.

Европанинг етук мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган Европа Иттифоқи Конституцияси 2004 йил июнда махсус саммитда маъқулланган. Ҳужжат дарҳол 20 тилга ўгирилди ва дунёдаги энг серқирра, кенг қамровли қомусга айланди. Афсуски, ушбу  ҳужжат ягона Европа фикрини шакллантира олмади. Европа мамлакатлари умумий референдумида етарли овоз тўпланмади.

Яна бир қизиқ маълумот: Буюк Британия сингари Исроилда ҳам конституция йўқ. Мамлакатнинг ҳуқуқий тизими Асосий қонунлар, Мустақиллик декларацияси, суд прецедентлари ва бошқа меъёрларга асосланади.

Мустақиллик декларациясига кўра, Исроилда 1948 йил давлатчилик эълон қилингач, конституция қабул қилиниши керак эди. Ҳозир мамлакатдаги мавжуд ўн икки асосий қонун мазмуни бўлажак конституциянинг муҳим қисмини ташкил қилиши мумкин. Исроил жамиятидаги дунёвий ва диний келишмовчилик конституциянинг ягона матнини яратишга тўсқинлик қилади. Давлат ва дин ўртасидаги муносабат ноаниқлиги ушбу муҳим масалани иккинчи ўринга суриб қўйган.

1947 йили мамлакат Иккинчи жаҳон урушида мағлубиятга учрагандан кейин қабул қилинган Япониянинг машҳур конституцияси давлат сиёсати воситаси сифатида урушдан, армияни сақлашдан воз кечишни назарда тутувчи 9-модда туфайли “Тинчлик Конституцияси” номини олган.

Мустақил Ватанимиз қомуси собиқ совет республикалари орасида биринчи бўлиб қабул қилинган. 7543 сўздан таркиб топган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси матнида “республика” сўзи – 390, Ўзбекистон – 354, қонун – 210, давлат – 98, ҳуқуқ – 90, конституция – 70, фуқаро – 66, Президент – 62, Қорақалпоғистон – 33, шахс – 32, эркин(лик) – 27, халқ – 24, демократия – 7 бор қўлланган. Конституцияни яратиш йўлидаги биринчи ҳуқуқий қадам – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишидир.

Икки йил давомида тайёрланган, “Халқчил қомус” аталмиш мазкур асосий ҳужжат икки ярим ой мобайнида умумхалқ муҳокамасидан ўтказилган.

Лойиҳа парламент депутатлари томонидан моддама-модда кўриб чиқилиб, муайян ўзгариш киритилгач, 1992 йил 8 декабрь куни Бош Қомусимиз қабул қилинди. Шу кундан эътиборан, 8 декабрь – умумхалқ байрами сифатида эълон қилинган.

ЎзА мухбири

Гўзал Сатторова тайёрлади.