Маълумки, яқин кунларда Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилиши бўлиб ўтиши кутилмоқда. Таъкидланишича, мазкур йиғин АҚШ Тинчлик институтида бўлиб ўтади ҳамда Ғазо секторини тиклаш, унга гуманитар ёрдам кўрсатиш, ушбу минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масалаларига бағишланади.
Cиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Мухтор Назиров фикрича, “Тинчлик кенгаши”нинг илк йиғилиши халқаро муносабатлар тизимида янги форматдаги мулоқот платформаси сифатида намоён бўлади. Ушбу ташаббус Қўшма Штатлар етакчиси Дональд Трамп томонидан илгари сурилган бўлиб, унда давлатимиз раҳбари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.
Ғазони тиклаш – асосий масала
“Reuters” манбаларига кўра, йиғин доирасида кўп миллиард долларлик жамғарма тузиш режаси эълон қилиниши кутиляпти. Бу фақат иқтисодий ёрдам эмас, балки сиёсий масъулиятни тақсимлаш механизмини ҳам англатади. Яъни, можаро оқибатларини бартараф этишда кўп томонлама иштирокни таъминлашга уриниш бор.

Халқаро барқарорлаштириш кучлари масаласи
Муҳокаманинг яна бир муҳим йўналиши – халқаро барқарорлаштириш кучларини жойлаштириш. Бу масала “United Nations Security Council” резолюцияси билан боғлиқ ҳолда кўтарилмоқда.
Назировнинг фикрича, агар ушбу кучлар ҳақиқатдан ҳам шакллантирилса, бу Яқин Шарқдаги кучлар мувозанатига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Айниқса, қуролсизлантириш ва маҳаллий бошқарувни қайта ташкил этиш жараёнлари мураккаб сиёсий музокараларни талаб этади.
ҲАМАС ва сиёсий трансформация
Ғазода амалдаги сиёсий куч – ҲАМАС масаласи ҳам диққат марказида бўлади. Режага кўра, қуролларни топшириш ва сиёсий жараёнга интеграция қилиш механизмлари ишлаб чиқилиши мумкин.
Эксперт буни “мажбурий ҳарбий йўл эмас, балки сиёсий трансформация сценарийси” деб баҳоламоқда. Бироқ амнистия ва хавфсиз чиқиш кафолатлари каби таклифлар минтақада турлича қабул қилиниши мумкин.
БМТ ва янги ташаббус ўртасидаги муносабат
Тинчлик кенгаши ташаббуси халқаро майдонда муайян мунозараларга ҳам сабаб бўлмоқда. Айрим таҳлилчилар буни БМТга рақобатчи платформа сифатида кўришмоқда.
Яқинда Оқ уй раҳбари Трамп “Truthsocial” платформасида шундай деб ёзди: “Тинчлик кенгаши чексиз салоҳиятга эга. Ўтган йил октябрь ойида мен Ғазодаги можарони бутунлай тўхтатиш режасини эълон қилдим ва бизнинг қарашимиз БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан бир овоздан қабул қилинди”.
Назировнинг фикрича, масала рақобатда эмас, балки ташаббуснинг институционал легитимлигида. Агар кенгаш фаолияти БМТ механизмлари билан мувофиқлаштирилса, у қўшимча дипломатик каналга айланиши мумкин.
Ўзбекистон учун аҳамияти
Ўзбекистоннинг таъсисчи давлат сифатида иштирок этиши мамлакат ташқи сиёсатининг кўп векторли ва фаол характерини намоён этади. Президентимизнинг АҚШга ташрифи нафақат сиёсий, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам муҳим — сафар доирасида стратегик лойиҳалар тақдимоти ва икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.
Янги глобал ҳамкорлик ёки геосиёсий рақобат?
Сиёсатшунослар таҳлилига кўра, Тинчлик кенгашининг биринчи йиғилиши Ғазодаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган амалий қадамлар билан бирга, янги геосиёсий архитектура шаклланишининг бошланиши бўлиши мумкин.
Савол шундаки: ушбу ташаббус халқаро ҳамжамиятни бирлаштирувчи механизмга айланадими ёки глобал дипломатияда янги рақобат майдонини вужудга келтирадими?
Саммит натижалари бу саволга дастлабки жавобни бериши мумкин.
Ўткир Алимов, ЎзА