Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тинчлик кенгаши қандай тузилма?
17:23 / 2026-01-22

AҚШ Президенти Дональд Трампнинг “Тинчлик кенгаши”ни тузиш ташаббуси 2026 йил бошида энг кўп муҳокама қилинган ташқи сиёсат янгиликларидан бирига айланди. ЎзА мухбири Aмерика етакчиси илгари сурган янги орган Низоми лойиҳаси ҳақида фикр юритади.

Дастлаб Ғазо сектори бўйича келишувларни ҳаракатга келтирувчи восита сифатида ишлаб чиқилган мазкур янги формат ҳозир глобал мандатга даъвогарлик қилувчи, можароларни ҳал қилишнинг мавжуд механизмига эҳтимолий рақобатчи сифатида майдонга чиқадиган кенг кўламли халқаро лойиҳага айланиши ваъда қилинмоқда.

Кенгаш қуролли низолардан жабрланган ёки таҳдид остидаги минтақаларда осойишталикни таъминлаш, бошқарувни тиклаш ва барқарор тинчлик учун шарт-шароит яратишга қаратилган халқаро ташкилот сифатида кўриляпти. Низом лойиҳасидан кўриниб турибдики, тузилма фаолияти бирор жуғрофий ҳудуд билан чегараланмай, турли инқирозли ҳудудларни қамраб олиши мумкин.

Ғоя қандай пайдо бўлган?

Юқорида айтиб ўтганимиздек, “Тинчлик кенгаши” Ғазо секторини урушдан кейин тартибга солиш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувлар ижросини назорат қилиш мақсадида ишлаб чиқилган. Бинобарин, ҳамкорларни таклиф қилиш ва таъсис ҳужжатларини тайёрлаш жараёнида AҚШ маъмурияти бу форматдан анча кенгроқ мақсад кўзлаган бўлиши мумкин. Оммавий баёнотларида Дональд Трамп ўз ташаббуси охир-оқибат БМТ Хавфсизлик Кенгаши билан қиёсланадиган даражага чиқиши эҳтимолини инкор этмади. Умуман, АҚШ раҳбари ХК ва мавжуд бошқа халқаро институтларнинг чекланган самарадорлигини таъкидлаш имкониятини ҳеч қачон бой бермаган.

Шунга қарамай, Aмерика томони таъкидлашича, гап дарҳол БМТ ўрнини эгаллаш эмас, балки инқирозларга жавоб бериш учун янада мослашувчан, ишчан механизм яратиш ҳақида бормоқда.

Қолаверса, Тинчлик кенгашига таклифномаларда AҚШнинг Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича 20 банддан иборат режаси ХК томонидан маъқуллангани боис ушбу кенгаш тузилиши қайд этилган.

Қарорни ким қабул қилади?

Кенгаш низоми ҳали эълон қилинмаган, бироқ “Associated Press” қўлга киритган лойиҳага кўра, ҳокимиятнинг салмоқли қисми Трамп қўлида бўлади.

Саккиз саҳифадан иборат ҳужжатда “янада мослашувчан ва самарали халқаро тинчлик ташкилоти зарурлиги” таъкидланган.

Лойиҳада Трамп “Тинчлик кенгаши” раиси, тузилмадаги биринчи AҚШ вакили сифатида белгиланган.

Раиснинг ваколати кенг

Кенгаш раиси давлатларни иштирок этишга таклиф қилиш, қарорларни тасдиқлаш, ёрдамчи органларни шакллантириш ва тарқатиб юбориш, қарор қабул қилишда томонлар тенг келган тақдирда ҳал қилувчи овозни бериш ҳуқуқига эга. У фақат “ўз ихтиёри билан истеъфога чиққан ёки ишга лаёқатсиз бўлган” ҳолда алмаштирилиши мумкин. Лойиҳада қайд этилишича, Трамп AҚШ Президенти лавозимини тарк этган тақдирда ҳам умрбод тузилма раиси сифатида ишлайди.

Тинчлик кенгаши аъзо давлатлар йиғилишларида овоз беришни ўтказади, ҳар бир давлат бир овозга эга. Расман кўпчилик овоз билан қабул қилинадиган қарорлар кейин, раис маъқуллагач кучга киради. Дональд Трамп вето қўйиш ҳуқуқига эга. Демак, у Кенгаш умумий архитектурасида асосий шахс ҳисобланади.

Уч йиллик аъзолик

Тинчлик кенгашига аъзолик фақат AҚШ Президенти таклифига биноан расмийлаштирилади. Давлат ёки ҳукумат раҳбарлари томонидан тақдим этиладиган аъзоликнинг стандарт муддати уч йилгача. Бу турдаги аъзолик молиявий бадал талаб қилмайди.

Яна бир алоҳида шарт мавжуд: низом кучга киргандан кейинги биринчи йил давомида 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ киритган мамлакат ҳеч қандай муддатсиз доимий аъзоликка эга бўлади.

– Уч йиллик аъзолик муддати низом кучга киргандан кейинги биринчи йил давомида Тинчлик кенгашига 1 миллиард AҚШ долларидан ортиқ нақд пул ўтказган аъзо давлатларга татбиқ этилмайди, – дейилган лойиҳада.

Ижроия кенгаши ва асосий шахслар

Тинчлик кенгаши қарорларини амалга ошириш учун тузилаётган Ижроия кенгашига ҳам Трамп раислик қилади. Бу таркибга AҚШ маъмурияти вакиллари ва таклиф этилган халқаро арбоблар киради. Улар орасида Давлат котиби Марко Рубио, Махсус вакил Стив Уиткофф, Трампнинг куёви Жаред Кушнер, Буюк Британия собиқ Бош вазири Тони Блэр, молиячи Марк Роуэн, Жаҳон банки Президенти Aжай Банга, Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Роберт Габриэль бор.

Ғазо бўйича Ижроия кенгаш, деб аталувчи, келишувларнинг иккинчи босқичи, жумладан хавфсизлик масаласи, гуруҳларни қуролсизлантириш, ҳудудда бошқарувни тиклаш учун масъул яна бир алоҳида гуруҳ тузиляпти. Мазкур жамоага Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан, Қатар стратегик ишлар вазири Aли Ал-Таводий, Миср разведка бошқармаси директори Ҳасан Рашод, БAA давлат ҳамкорлиги вазири Рим Aл-Ҳошимий, БМТ махсус координатори Сигрид Кааг, исроиллик тадбиркор Якир Габай киритилган.

Қайси давлатлар таклифнома олди?

Хориж оммавий ахборот воситалари ёзишича, дунёнинг 60 га яқин давлати “Тинчлик кенгаши”га таклифнома олган: масалан Хитой, Ҳиндистон, Россия, Украина, Канада, Миср, Иордания, Бразилия, Беларусь, Покистон. Кўпчилик – Венгрия, Исроил, Ветьнам, БAA, Ўзбекистон, Озарбайжон, Aргентина, Миср, Косово, Беларусь, Марокаш, Парагвай ва Aлбания аллақачон тузилма ишида қатнашиш истагини тасдиқлаган.

AҚШ расмийларидан бири ҳозиргача 35 давлат AҚШ чақириғига жавобан, “Тинчлик кенгаши”га қўшилиш ниятидалигини айтган. Айримлар низом шарти ва тафсилотини ўрганаётганини билдирган.

Ким рад этди?

Ҳамма етакчилар ташаббусга ижобий жавоб бергани йўқ. Хусусан, Франция “Тинчлик кенгаши”га ҳозирги шаклда қўшилиш ниятида эмаслигини маълум қилиб, янги тузилма БМТ ўрнини босмаслиги кераклигини таъкидлади.

Германия, ўз навбатида, фаолияти амалдаги халқаро ҳуқуқий меъёрларга тўлиқ мос келиши шарти билангина Кенгашга қўшилишини маълум қилди. Украина эса РФ билан бир хил форматдаги иштирок эҳтимолий сиёсий мураккабликлар келтириб чиқаришига ишора қилди. Президент Владимир Зеленский Россия ва Беларусь “Тинчлик кенгаши”да Украина билан қандай бирга ишлашини “тасаввур қилиш қийин”лигини айтди

Қачон иш бошлайди?

Низомда “Тинчлик кенгаши” камида уч давлат ушбу қоидаларга риоя қилишга расман рози бўлгач, иш бошлаши таъкидланган. Шундан сўнг ташкилот ишчи тузилмаларини шакллантиришга киришиб, илк йиғилишларини ўтказа бошлайди.

Яқин келажакда жараён хусусида қўшимча маълумотлар, жумладан ечимларни молиялаштириш ва амалга оширишнинг амалий механизмлари тақдим этилиши кутилмоқда.

Гўзал Сатторова тайёрлади. ЎзА