French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тинчлик кенгаши Ўзбекистон ташқи сиёсатининг тинчликпарвар моҳиятини намоён этди
18:49 / 2026-02-23

O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида дастлаб давлатимиз раҳбарининг АҚШга амалий ташрифи ҳамда Тинчлик кенгашининг биринчи саммитидаги нутқида илгари сурилган ташаббуслар ҳақида сўз юритилди.

Қайд этилганидек, Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган Тинчлик кенгашининг тарихий таъсис йиғилишида Ўзбекистоннинг иштироки мамлакатимиз ташқи сиёсатининг тинчликпарвар ва гуманистик моҳиятини яққол намоён этди. Шавкат Мирзиёевнинг ушбу халқаро платформада фаол иштирок этиши мамлакатимизнинг глобал хавфсизлик, инсонпарварлик ва низоларни тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги қатъий позициясини тасдиқлади. Давлатимиз раҳбари томонидан Ғазо секторидаги тикланиш жараёнларига оид илгари сурилган ёндашув суверенитетга ҳурмат ва маҳаллий аҳолининг манфаатларини устувор қўйиш тамойилларига асосланади.

Шунингдек, ташриф доирасидаги АҚШ Президенти Дональд Трамп раислигида ўтган тадбирлар, савдо ва инвестиция соҳасидаги учрашувлар икки томонлама ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворга эга эканини кўрсатди. Товар айланмасининг 1 миллиард доллардан ошиб бориши, ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини қўллаб-қувватлаш ва ТИФА доирасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон иқтисодиётини жаҳон бозорига чуқур интеграция қилишга хизмат қилмоқда.

Фракция аъзолари Тинчлик кенгаши доирасида илгари сурилган ташаббуслар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг яхлит, изчил ва узоқ муддатли стратегияга асосланганини яна бир бор қайд этди.  

Йиғилишда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг 2025 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи ҳам муҳокама қилинди.  

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда миллий қонунчилик халқаро стандартларга мос равишда такомиллаштирилиб, болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Муҳокамада 2025 йил давомида соҳада қабул қилинган қонунлар, Президент фармон ва қарорлари, шунингдек, Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш стратегияси муҳим қадам сифатида эътироф этилди. Айниқса, “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун болалар хавфсизлигини таъминлашда янги ҳуқуқий механизмларни жорий этишга хизмат қилгани таъкидланди. Халқаро ҳамкорлик доирасида глобал ташаббусларга қўшилиш ва UNICEF томонидан берилган ижобий баҳолар ҳам амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасини кўрсатади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг мурожаатлар билан ишлаш фаолияти ҳам алоҳида қайд этилди. Мурожаатлар сонининг кескин ошиши фуқароларнинг мазкур институтга ишончи ортиб бораётганидан далолат эканлиги таъкидланди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА