Муносабат
Тинчлик – бу оддийгина сўз эмас. У мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлиги, оилалар бус-бутунлиги, ҳар бир инсоннинг бахт-саодатини белгилайдиган олий неъматдир.
Ҳа, нуроний отахонлар, мўътабар онахонлар даврасида айтиладиган дуоларда тинчлик биринчи ўринда туриши бежиз эмас. Инсоният тарихи шуни кўрсатадики, тараққиёт фақат тинчлик шароитида барқарор ва самарали ривожланади.
Бугунги дунё бўйлаб глобал зиддиятлар ва хавф-хатарлар кучайган бир шароитда тинчликни асраш масаласи кўпгина тинчликсевар мамлакатлар қатори бизнинг мамлакатимизда ҳам устувор масалага айланди. Бу, албатта, давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистон ташқи ва ички сиёсатининг асосий тамойили сифатида тинчликпарварлик ва яхши қўшничилик сиёсати илгари сурилаётганлигида яққол намоён бўлмоқда.

Муболағасиз таъкилаш жоики, сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари ўртасида ўзаро ишонч ва самимий мулоқот сезиларли даражада мустаҳкамланди. Бу жараёнда Ўзбекистон ташаббускор ва фаол иштирокчи сифатида намоён бўлди.
Яхши қўшничиликнинг бошланиши, чегара масалаларининг ҳал этилиши, савдо-иқтисодий алоқаларнинг кенгайиши, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ривожланиши, йўл инфраструктурасининг изга тушиши минтақада барқарор муҳит шаклланишига хизмат қилмоқда.
Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган минтақавий ҳамжиҳатлик ва хавфсизликка доир ташаббуслар ҳали ҳамон халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Ўзбекистоннинг конструктив позицияси дунё бўйлаб мамлакатни ишончли ва масъулиятли шерик сифатида намоён этмоқда.
Маълумки, тинчлик фақат ташқи сиёсат билан таъминланмайди. У, аввало, жамият ичидаги адолат, қонунийлик ва инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш билан мустаҳкамланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, шахс қадр-қимматини юксалтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Иқтисодий ислоҳотлар, янги иш ўринлари, ёшлар ва аёллар учун кенг кўламли имкониятлар яратилиши, нуронийларга ва ижтимоий аҳволи танг бўлган инсонларга алоҳида эътибор қаратилиши, маҳалла ва оилани ривожлантириш чоралари кўрилиши – буларнинг барчаси жамиятда барқарор адолатли муҳитни шакллантиришга хизмат қилади. Ваҳоланки, ички барқарорлик, ижтимоий адолат ва фаровонлик мавжуд жойда умуммиллий қадрият – тинчлик мустаҳкам, тараққиёт бардавом бўлади.
Президентимизнинг Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган Тинчлик кенгаши биринчи саммитидаги иштироки ва нутқи мамлакатимиз ташқи сиёсатида янги давр бошланаётганидан садо берди.
Давлатимиз раҳбари Ғазо ҳудудини тиклаш масалаларига алоҳида тўхталиб, турар жой, болалар боғчаси, мактаб ва шифохоналар барпо этишда Ўзбекистон бағрикенглик билан ўз ҳиссасини қўшажагини билдирганлиги инсонпарварликнинг яққол намунаси бўлди. Халқимизга хос мардлик, бирдамлик ва хайр-саховат 30 дан ортиқ давлат етакчилари иштирокидаги саммит ишида ким ва кимлар авлодидан эканлигимизни баралла намоён этди.
Айниқса, давлатимиз раҳбари катта ишонч билан “Бизнинг учрашувимиз халқаро бирдамлик, тинчликсеварлик ва Яқин Шарқдаги вазиятни яхшилашга бўлган умумий интилишимизнинг ёрқин ифодасидир. Биз Янги Ғазони – иқтисодиёти фаровон, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларига эга бўлган минтақани барпо этиш учун ушбу тарихий имкониятдан фойдаланишимиз зарур”лигини таъкидлади.
Бу ташаббус, албатта, ўтган асрнинг мудҳиш кунларини ёдидан чиқармаган, тинчлик учун миллионлаб қурбонлар берган, етимларнинг бошини силаб бағрига олган, яримта нон топса ярмини қўшнисига берган инсонпарвар, олижаноб халқимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Ҳа, доно халқимиз “Қўшнинг тинч, сен тинч”, деганларидак юртимиз тинч бўлиши учун бошқа юртлар ҳам тинч бўлиши муҳим.
Бугун Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлида қатъий қадамлар ташлар экан, мамлакатимизда, ён-атрофимизда яшовчи қардош халқларда, узоқ ва яқин дўстларимиз оилаларида, бутун дунёда тинчлик бўлиши учун қилинаётган саъй-ҳаракатлар эътибор ва эътирофга лойиқ. Зеро, тинчлик ва осойишталик бор жойда тараққиёт бор, тараққиёт бор жойда эса инсон бахти барқарордир.
Абдукамол РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши
раисининг биринчи ўринбосари.
ЎзА