Наврўзни мамлакатимизда истиқомат этаётган барча миллат вакиллари интиқлик билан кутади. Сабаби бу айём ўзида дўстлик, меҳр, саховат, бағрикенглик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик каби ғояларни ҳам мужассам этгани билан қадрлидир.
Ўзбекистонда турли миллат вакиллари томонидан Наврўз байрамини нишонлаш бўйича қандай тайёргарлик кўрилмоқда?
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Ғайратулла Шукуров бу борада қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Юртимизга жаннатмонанд Наврўзи олам кириб келмоқда. Бу байрамни кўпмиллатли халқимиз катта хурсандчилик билан нишонлайди. Наврўз наинки ўзбек халқи, балки Осиё халқлари томонидан беш минг йилдан ортиқ давр мобайнида кенг нишонланиб келинадиган йилнинг энг асосий ва гўзал байрамларидан биридир.
БМТ Бош Ассамблеяси 21 март санасини Халқаро Наврўз куни деб белгилаган ва барча мамлакатларни ушбу қадимий байрамни бутун дунёда оммалаштиришга ҳисса қўшишга чақирган.
Кўп миллатли мамлакат сиёсатининг асосий мақсадларидан бири миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни шакллантириш бўлиши зарур. Шу боис мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида миллий сиёсатнинг ўзига хос йўли ишлаб чиқилдики, айнан шу сиёсат барқарор ва тўкин-сочин ҳаётимизнинг пойдевори бўлди.
Юртимизда Наврўз мустақиллик йилларида янада шукуҳли нишонланмоқда. Барча қадимий қадриятларимиз қатори бу байрам ҳам мамлакатимизда кенг тантана қилинади. Байрамга юртимизда фаолият юритаётган Миллий маданий марказлар ҳам катта тайёргарлик ишларини олиб боришяпти. Байрам шодиёналарида уларнинг миллий ҳунармандчилик кўргазмалари ва турли тиллардаги куй ва қўшиқлари ҳар сафар тадбирга алоҳида кайфият бахш этади.
Наврўз – қадим қадрият, баҳор айёми. Сир эмаски, дунёдаги барча халқлар баҳорни кутиб яшайди. Бу интиқлик, меҳру оқибатга, миллатлараро тотувликка, ҳамжиҳатлик ва урф-одатларимизга сингиб кетган меҳмондўстлик, қон-қардошлик ришталарига бориб тақалади. Шунинг учун ҳам ҳар йили Наврўз байрами юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари билан биргаликда нишонланади. Улар ҳам Наврўзнинг рамзий таоми – сумалакни яхши ниятлар билан танаввул қилишади.
Марказий Осиё халқларининг ўхшаш жиҳатлари кўп, чунки уларнинг шаклланиш асослари, илдизлари бир улкан томирдан бошланади деб айтиш мумкин. Масалан, қозоқ ва қирғиз миллатига мансуб юртдошларимиз қизқувди, кўпкари ўйинлари ва халқ оқинларининг айтишувларини уюштирсалар, тожикларимиз сумалак дошқозонлари атрофида мушоира ва баҳру байтлар, ёр-ёру лапарлар айтишиб, кўнгилларни завққа тўлдирадилар.
Турк биродарларимиз кенг майдонлар ва тоғ ён бағирларидаги гўзал хиёбонларга йиғилишиб, базм ташкил этадилар. Ўзбек, тожик, қирғиз, турк, қозоқ, туркман, озарбайжон, татар, бошқирд каби қадим томирлари туташ миллатларнинг урф-одатида бир-бирига яқин жиҳатлар кўп. Наврўз удумларида ҳам айни ўша бир хиллик ва ўзаро яқинликнинг гўзал ифодаларини кўрамиз.
Байрам тадбирлари бир ой давомида ўлкамизнинг ҳар бир гўшасида, шаҳар ва қишлоқларида, олис овуллару қир-адирларда, дала шийпонларию маҳалла гузарларида ўзаро аҳиллик, ҳамжиҳатлик руҳида кенг нишонланади. Бир сўз билан айтганда, Наврўз Ўзбекистонда яшаётган барча миллатларнинг урф-одатлари намойишига айланди.
Хулоса қилиб шуни таъкидлаш керакки, ўзбек халқи ўз тарихи давомида ҳар доим бошқа миллат ва элат вакилларига нисбатан бағрикенг бўлган. Бизнинг асосий бойлигимиз – юртимизда ҳукм сураётган тинчлик осойишталик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик. Мустақиллик йилларида эришилган барча ютуқларимизнинг боиси ана шу аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликдир. Бу бойлигимизни сақлаб авайлашимиз ва келажак авлодларга етказишимиз керак. Зеро, тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик замонавий Ўзбекистоннинг ўзига хос хусусиятидир.
Н.Усмонова,
ЎзА