Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тинчлик – энг катта бойлик: замонавий таҳдидлар шароитида миллий мудофаанинг янги босқичи
09:55 / 2026-01-20

Бугунги глобаллашув, кескин геосиёсий рақобат ва технологик инқилоблар даврида ҳар бир давлат олдида битта муҳим савол турибди: миллий хавфсизликни қандай таъминлаш мумкин? Бу саволга Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида 13 январь куни бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши аниқ, пухта ва стратегик жавоб берди.

Мазкур йиғилиш мамлакатимиз ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида ўтган йилларда амалга оширилган ишларни холис баҳолаш, мавжуд таҳдидларни таҳлил қилиш ҳамда келгусидаги устувор вазифаларни белгилаш нуқтаи назаридан тарихий аҳамиятга эга бўлди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугунги урушлар энди фақат танклар, самолётлар ёки аскарлар сони билан ҳал этилмайди. Сунъий интеллект, рақамли бошқарув, кибертехнологиялар, роботлашган тизимлар ва юқори аниқликдаги қуроллар жанговар устунликни белгилаб бермоқда.

“Замонавий уруш табиати тубдан ўзгарди”, — дея қатъий таъкидлади Президентимиз. Бу фикр Ўзбекистон армиясини ривожлантиришда тўғри стратегия танланганини кўрсатади. Миллий армиямизни технологик жиҳатдан янгилаш, рақамлаштириш, учувчисиз учиш аппаратлари бўлинмаларини ташкил этиш, ахборот хавфсизлигини кучайтириш бугунги кунда шунчаки янгиланиш эмас, балки заруратдир.

Жумладан, йиғилишда ҳарбий кадрлар тайёрлаш масаласи алоҳида урғу билан кўриб чиқилди. Президент ташаббуси билан ташкил этилган Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети, таълим жараёнига сунъий интеллектга асосланган рақамли технологияларнинг жорий этилиши армиянинг янги қиёфасини шакллантириш йўлидаги муҳим қадамдир.

Ҳарбий таълим энди фақат жанговар тайёргарлик билан чекланмай, интеллектуал салоҳият, техник тафаккур ва замонавий билимларга таянмоқда. Бу эса келажак офицерлари ва мутахассисларининг глобал таҳдидларга тайёр бўлишини таъминлайди.

Йиғилишдаги энг муҳим янгиликлардан бири — муддатли ҳарбий хизматга мутлақо янги ёндашув жорий этилаётгани бўлди. Эндиликда ҳарбий хизмат ёшлар учун нафақат Ватан олдидаги бурч, балки ҳаётда мустаҳкам ўрин топиш имконияти сифатида қаралмоқда.

Юртбошимиз таъкидлаганидек: “Муддатли ҳарбий хизматни ўташ – ёшлар учун муваффақият йўлига айланиши керак”.

Аскарларга касб ўргатиш, сертификат бериш, олийгоҳларга кириш имконияти, дастурлаш ва сунъий интеллект йўналишларида бепул таълим, контракт учун фоизсиз кредитлар, бандлик ва тадбиркорлик бўйича имтиёзлар — буларнинг барчаси давлатнинг ёшларга бўлган реал ва амалий эътиборининг ёрқин ифодаси.

Армияда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Ҳарбий қисмларни 1 миллион нусхадаги бадиий адабиётлар билан таъминлаш, китобхонлик танловлари, спорт мусобақаларининг замонавий турларини жорий этиш аскар ва офицерларнинг нафақат жисмонан, балки руҳан ҳам етук бўлишига хизмат қилади.

Йиғилишда эълон қилинган ижтимоий янгиликлар ҳарбий хизматчилар меҳнатини муносиб қадрлашга қаратилган. Маошлар оширилиши, пенсия таъминоти яхшиланиши, уй-жой масаласига эътибор кучайтирилиши армияда хизмат қилиш нуфузини янада оширади.

Бу ташаббуслар “Армия ва жамият бир бутун” деган тамойилнинг амалий ифодасидир.

Бугунги мураккаб ва ўзгарувчан дунёда тинчлик ва барқарорлик энг катта бойликка айланмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, барча соҳа ва тармоқлар “проактив иш режими”га ўтиши шарт. Хавфсизликни кутиб эмас, олдиндан таъминлаш — янги давр талаби.

Хавфсизлик кенгашининг мазкур йиғилиши Ўзбекистон Қуролли Кучларини замонавий, юқори технологияли, интеллектуал ва халқ ҳимоясига доимо тайёр армияга айлантириш йўлидаги қатъий сиёсий ироданинг яна бир ёрқин намоёни бўлди.

Ватан ҳимоячилари бор экан, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, келажагимиз ишончли бўлади.

Отабек Жиянбоев,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар 

Кенгаши депутати.