“Ўзбекфильм” киностудиясининг кичик павильонида XIV Тошкент халқаро кинофестивали бошланди. Фестивалнинг илк тадбирларидан бири “ШҲТ мамлакатлари кино кунлари ва ШҲТ мамлакатлари кинофоруми” бўлди.
“Ипак йўли дурдонаси” XIV Тошкент халқаро кинофестивали ШҲТга аъзо давлатлар Самарқанд саммити доирасида бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов кино соҳасида алоқаларнинг янада ривожланишида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан асос солинган Тошкент халқаро кинофестивалининг аҳамияти катта эканини таъкидлади.
Халқаро кинофестивалнинг “Тинчлик, дўстлик ва тараққиёт” шиори остида ўтаётгани бежиз эмас. Негаки, ўзаро ҳамкорликнинг равнақ топишида, тинчлик ва ҳамжиҳатликнинг барқарорлигида маърифат, санъатнинг ўрни беқиёсдир.
Кино мухлислари ўтган йилги кинофестивалнинг нақадар юқори савияда ўтганини яхши эслайдилар. Бу йил ҳам мазкур халқаро фестиваль кўплаб қизиқарли тадбирлар, мулоқотлар, маҳорат дарслари, турли хорижий давлатларнинг кино кунлари, ижодий танловларни ўзида мужассам этгани билан ахамиятли.
Кино кунлари доирасида меҳмонлар ва оммавий ахборот воситалари вакилларини ШҲТга аъзо давлатларнинг кино санъатидаги бугунги жараёнлар билан таништиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур кинофестиваль Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қайта тикланган бўлиб, ижодий лойиҳадан кўзланган мақсад кино соҳасидаги халқаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, кинематографияни янада ривожлантириш, жаҳон киночиларининг ўзаро мулоқоти учун кенг имкониятлар яратишдан иборатдир.
Бу йилги Тошкент халқаро кинофестивали ШҲТга аъзо давлатлар Конференцияда Беларусь кинематографлар уюшмаси раиси Виктор Васильев, Ҳиндистондаги Кинони ривожлантириш корпорацияси директори Равиндер Бхакар, эронлик кинорежиссёр Афшин Ҳошими, Қозоғистоннинг миллий кинони қўллаб-қувватлаш давлат марказининг халқаро кинофестиваллар бўйича ижрочи директори Адай Абелнидов, Қирғизистон Республикаси Маданият, туризм, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги қошидаги кинематография департаменти директори Муктали Бектеналиев ва бошқалар иштирок этди.
Улар Тошкент халқаро кинофестивалига ўз дастурларининг тақдимотини ўтказдилар.
– Ўзбекистонга келишни аввалдан орзу қилардим, – деди Россиянинг “Роскино” ташкилоти раҳбари Инна Шалито. – Тошкент халқаро кинофестивалида россиялик 30 кишидан иборат делегация билан қатнашаяпмиз. Тўртта фильм олиб келдик. Шунингдек, ўзбек кино ижодкорлари билан ҳамкорликдаги бир қатор фильмларнинг ҳам намойиши бўлиб ўтади.
– Ушбу фестиваль Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида ўтказилаётир, – деди “Тожикфильм” давлат кино муассасаси раҳбари Маҳмадсаид Шоҳиён. – Шу йил март ойида Тожикистонда Ўзбекистон киноси кунлари бўлиб ўтган эди. “101-рейс” фильми кино мухлисларида катта таассурот қолдирди.
– Бугун кино санъати ҳамон ўзаро мулоқот, дўстлик воситаси бўлиб хизмат қилмоқда, – деди Қирғизистон Республикаси Маданият, туризм, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги қошидаги кинематография департаменти директори Муктали Бектеналиев. – Биз Тошкент халқаро кинофестивалига “Саяқбай манасчи”, “Бахт рецепти”, “Кўплари” каби фильмларни олиб келдик. Ўтган йили Ўзбекистон Кинематография агентлиги билан биргаликда меморандум имзолаган эдик. Кино кунларини ташкил этиш ва ўтказишда ушбу фестиваль ҳамкорликни янада янги босқичга олиб чиқишига шубҳа йўқ.
Анжуманда барча иштирокчи давлат вакиллари ўз дастурлари тақдимотини ўтказдилар.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири