Европа, Африка, Шимолий Америка ва Осиёнинг 41 давлатида 14 мартдан бошлаб Тинчлик ўрнатиш ва урушни тўхтатиш декларацияси (DPCW)нинг 7 йиллигига бағишлаб қатор тадбирлар ўтказилмоқда.
БМТ ЭКОСОС ҳузуридаги “Юксак маданият, бутун дунёда тинчлик ва зиё тарқатиш” (HWPL)тинчликпарвар халқаро нодавлат ташкилоти томонидан ўтказиладиган “Институционал тинчлик: ишончни мустаҳкамлаш учун мулоқотни кенгайтириш” мавзусидаги анжуманларда сиёсат, ҳуқуқшунослик ва дин, таълим, оммавий ахборот воситалари фаолияти, аёллар ва ёшлар масалалари учун масъуллардан иборат етти мингдан зиёд вакил қатнашмоқда. Иштирокчилар тинчлик ўрнатиш бўйича кенг қамровли глобал ҳамкорлик воситаси сифатида Тинчлик ўрнатиш ва урушни тўхтатиш декларациясига асосланиб, тинчликни универсал маданият ва меъёр сифатида институционаллаштириш учун можароларнинг олдини олиш, воситачилик фаолиятини олиб бориш ва муаммоларни ҳал қилиш бўйича ўз қарашлари билан ўртоқлашади.
Мазкур сана муносабати билан Украинада тинчлик ўрнатилишига қаратилган ҳаракатлар режаси тақдим этилди. Тадбирлар доирасида 100 дан ортиқ давлат вакиллари ушбу давлатда кечаётган ҳарбий ҳаракатни кескин қоралаб, ҳар икки томонни урушни тўхтатишга чақирди. Жабрдийдалар фарёди, бегуноҳ одамлар қони тўкилиши инсоният тарихи саҳифасида абадий қора доғ бўлиб қолиши таъкидланди.
Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида турли мамлакатлардан келган 1000 дан зиёд мутахассис иштирокида Тинчлик ўрнатиш ва урушни тўхтатиш декларацияси (DPCW)нинг 7 йиллигига бағишланган асосий конференция бўлиб ўтди. 10 модда ва 38 банддан иборат ушбу ҳужжат Бирлашган Миллатлар Ташкилотига асос солган руҳни тиклаш, жаҳон ҳамжамияти умуминсоний қадриятларини илгари суриш орқали мустаҳкам тинчликка эришишга қаратилган. DPCW ҳар қандай урушни тугатиш, халқлар ва жамиятлар ўртасидаги тинчлик, дўстлик, фаровонлик ва бахт ҳақидаги муждаларни ўз ичига олади. “Бу оддий хабарни ҳар ким тушуниши мумкин”, дейди анжуманда сўзга чиққан лойиҳа фаоли – Дакка университети ҳуқуқ факультети мудири, профессор Назрул Ислом. Бошқа эскпертлар ҳам бўлиниш ва ишончсизликни бартараф этишга қаратилган асосий тадбирларга, бу борада БМТ амалга ошираётган ишларга тўхталди.
Ҳозир жаҳон ҳамжамиятида динлар аро таъқиб, можаро кўп учрамоқда. Бу ҳолат муросасизликка йўл қўйилиши, турли жамият, маданият, дин вакиллари ўртасида ўзаро мулоқот етишмаслигидан далолат. Шу боис анжуманда бағри кенгликни, ўзаро тушунишни тарғиб қилиш учун диний етакчилар ўртасида мулоқот зарурлигига ҳам урғу берилди.
С.Раҳимов, ЎзА