Эътибор берганмисиз, ривожланган давлатлар аввало, барқарор тинчлик натижасида шаклланган. Негаки, ҳар қандай соҳанинг тараққиёти бевосита мамлакатдаги вазиятдан келиб чиқиб ўсишга эришади. Шунинг учун ҳам донишманд халқимизнинг дуо боши азал-азалдан тинчлик-хотиржамликдан бошланади.
–Мамлакатнинг қудрати унда фаннинг нақадар ривожланганида десак, хато бўлмайди. Таълим, маданият юксак даражада шаклланган халқларнинг салоҳияти ҳам шунга яраша бўлади. Бунинг учун эса юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги муҳим омил саналади. Нотинчлик эса нафақат давлат келажагига хавф солади, балки халқнинг тарқоқлашиб кетишига ҳам олиб келиши мумкин, – дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўқитувчиси Абдумурод Тиловов.
Дарҳақиқат, ҳудудий яхлитлик, миллатлараро тотувликнинг мустаҳкамлиги мамлакат тараққиётининг асосий омили бўлиб хизмат қилади. Юртимизда олиб борилаётган сиёсат ҳам айни шунга қаратилган.
Халқимизда "Қўшнинг тинч, сен тинч", деган мақол бежиз айтилмаган. Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг халқаро майдонда юритаётган изчил, очиқ ва прагматик ташқи сиёсати ижобий баҳоланмоқда. Бунинг натижасида эса бир қанча соҳалар ривож топиши табиий.
Шербек Исломов, ЎзА