Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тинчлик бўлмаган жойда тараққиёт ҳам, фаровонлик ҳам бўлмайди
16:04 / 2025-10-08

Туркий давлатлар ташкилотининг Озарбайжоннинг Габала шаҳрида ўтган навбатдаги саммит, шубҳасиз, охири кўринмаётган можаролар – бир-бири билан келишолмаётган давлатлар, айниқса, қўлига қурол олган қўшнилар, қардош халқлар учун тинчлик ва ҳамкорлик йўлидаги энг муҳим амалий ҳаракат бўлди.

Олий даражадаги учрашувда асосий эътибор кўп томонлама муносабатларни янада ривожлантириш, жумладан, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, энергетика, транспорт-коммуникация, инновация, гуманитар ва бошқа устувор соҳалардаги алоқалар истиқболига қаратилди. 

Албатта, минтақавий хавфсизлик масаласига ҳам эътибор берилди. Чунки тинчлик бўлмаган жойда тараққиёт ҳам, фаравонлик ҳам бўлмаслиги кундек равшан. Қолаверса, дунёдаги бугунги нотинчлик ташкилот доирасидаги давлатларга ҳам салбий таъсир кўрсатмасдан қолмаяпти.

Маълумки, Ўзбекистон Президентининг бундай нуфузли тадбирларда нафақат минтақавий, дунё хавфсизлиги ва тараққиётига хизмат қилувчи муҳим ташаббусларни илгари суриши анъанага айланган. Габала саммитида ҳам Давлатимиз раҳбари томонидан туркий дунёнинг бирдамлигини мустаҳкамлаш, жаҳон сиёсати, иқтисодиёти ва гуманитар соҳадаги ролини оширишга қаратилган қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилгани эътиборга молик.

Тарихда бўлганидек, бугун ҳам Ўзбекистоннинг қардош халқлар билан алоқалари, жумладан, ташкилот доирасидаги саъй-ҳаракатлари кўплаб муаммоларга ечим бўляпти. Халқаро экспертлар эътироф этганидек, Ўзбекистоннинг ТДТга тўлақонли аъзо бўлиши ташкилот тарихида янги даврни бошлаб берди. Аслида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг Туркий давлатлар ташкилотига айлантириш ғояси ҳам мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ва 2022 йилнинг ноябрида Самарқандда ташкилотнинг биринчи саммити ўтказилган эди. 

Ўзбекистон томони Габала саммитида ҳам ташкилот аъзолари ўртасида транспорт ва логистика алоқаларини янада ривожлантириш масаласини кўтарди. Жумладан, ўрта коридорни ривожлантириш ва уни Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли ҳамда Трансафғон йўлаги лойиҳалари билан боғлашни қўллаб-қувватлади. Божхона тартиботини рақамлаштириш ва тарифларни оптималлаштириш муҳимлигини таъкидлади. 

Транспорт-логистика масалалари стратегик ҳужжат – “Туркий дунё нигоҳи – 2040” дастурида ҳам энг устувор масала сифатида белгилангани ҳам бежизга эмас. Ташкилотнинг асосий аъзолари денгиз йўлига тўғридан-тўғри чиқиш имконига эга эмас ва бу ўзига яраша муаммоларни келтириб чиқаряпти. Биргина мисол: экспорт-импортда транспорт харажатлари икки ҳиссага ортиқ бўлмоқда ва бу товарлар қийматининг 60 фоизини ташкил этяпти.

Маълумотларга кўра, бугун Ўзбекистон тўққизта халқаро транспорт йўлагидан фойдаланяпти ва уларнинг саккизтаси бевосита ташкилотга аъзо давлатлардан ўтади. Ўз навбатида Марказий Осиё давлатлари ҳам улкан иқтисодий бозорларни боғловчи стратегик ҳудуд ҳисобланади. Бугун дунёнинг иккинчи иқтисодий қудратига айланган Хитой ва энг ривожланган минтақавий интеграция блоки – Европа Иттифоқи, жанубда Ҳинд океани ва катта молиявий имкониятларга эга Форс кўрфази давлатларини бир-бири билан боғловчи транзит йўлаги айнан Марказий Осиёда бирлашади. Лекин бу имкониятдан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Шу жиҳатдан, Габала саммитида имзоланган ҳужжатлар ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтиришда янги даврни бошлаб бериши шубҳасиз.

Гўзал САМИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати