Зулфия меҳр ва садоқат тимсолидир. Устознинг ижодида бугун ғоят долзарб бўлиб турган тинчлик, осойишталик, Ватан, оналар бахтининг, баҳор, яшариш ва янгиланиш тараннуми устувор ўрин эгаллайди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова халқимизнинг атоқли шоирасининг ижоди хусусида қуйидаги фикрларни билдирди:
– Баҳор янгиланиш, покланиш ва юксалиш рамзидир. Орзу-мақсадлар куртак ёзадиган, қалбларга илҳом ва ишонч бағишлайдиган айёмдир.
Баҳорнинг 8 март — Хотин-қизлар байрами билан бошланишида эса чуқур маъно мужассам. Зеро, аёл зоти — меҳр ва муҳаббат, сабр ва матонат, нафосат ва фидойилик тимсоли.
Аёл бор жойда тарбия бор, маърифат бор, барқарорлик ва тараққиёт бор. Аёл оиланинг қутлуғ таянчи, жамиятнинг маънавий устунидир.
Халқимиз гўзал анъанага эга — баҳорнинг илк кунларини буюк шоирамиз Зулфияхонимнинг таваллуд айёми билан бошлайди. Бу анъана йилдан йилга мустаҳкамланиб, миллий қадриятларимиз ва маънавий меросимизга бўлган юксак эҳтиром ифодасига айланди.

Зулфияхоним Ўзбекистон халқ шоираси, таниқли жамоат арбоби сифатида нафақат адабиётимиз, балки жамиятимиз маънавий ҳаётида ҳам ўчмас из қолдирган улуғ сиймодир.
Унинг сермазмун ижоди, фидокорона жамоатчилик фаолияти айниқса, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлашда катта аҳамият касб этди.
Шоиранинг асарларида Ватанга муҳаббат, инсонийлик, вафо ва садоқат, тинчлик ва эзгулик ғоялари теран ифода этилган. Унинг шеърлари инсон қалбини поклайди, юксалишга чорлайди, маънавий камолот сари етаклайди. Зулфия ижоди муҳаббат ва садоқат дарсхонаси, маънавият мактабидир.
Тақдир унинг зиммасига Шарқ аёлининг овозини жаҳон минбарига олиб чиқишдек масъулиятли вазифани юклади. У нафақат нозиктаъб шоира, балки тинчлик ва халқлар дўстлиги ғояларининг фидойи тарғиботчиси сифатида ҳам фаолият юритди.
Ҳассос шоир, умр йўлдоши Ҳамид Олимжон билан кечирган қисқа, аммо мазмунли ҳаёти, синовли дамларда ҳам эътиқоди ва ижодига содиқ қолгани уни маънавий жасорат намунасига айлантирди. Зулфия номи бугун садоқат ва вафо тимсоли сифатида тилга олинади.
Халқимиз азалдан аёлни муқаддас билган, унинг оила ва жамиятдаги ўрнини юксак қадрлаган. Ана шу юксак эътироф ифодаси сифатида 1999 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди. Ушбу мукофот иқтидорли, ташаббускор, юксак маънавиятли қизларимизни қўллаб-қувватлаш, уларни янги марралар сари илҳомлантиришга қаратилган юксак давлат эътирофидир.
Бугунги кунга қадар таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва жамоатчилик фаолияти соҳаларида юксак натижаларга эришган 480 нафар иқтидорли хотин-қизларимиз ушбу нуфузли мукофот билан тақдирланди.

Бу рақамлар ортида беқиёс меҳнат, тинимсиз изланиш, мустаҳкам ирода, юксак мақсад ва орзу-интилишлар мужассам. Ҳар бир совриндор ўз устида ишлаш, билим ва маҳоратни ошириш, Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшиш йўлида қатъият билан ҳаракат қилаётган ёш авлод вакилидир.
Улар нафақат шахсий ютуқлари, балки фаол фуқаролик позицияси, юксак маънавияти ва жамият ҳаётидаги ташаббускорлиги билан ҳам ажралиб туради.
Энг муҳими, бу қизларимиз том маънода Зулфияхонимга муносиб издош бўлишга, унинг маънавий меросини давом эттиришга, садоқат ва вафо, жасорат ва матонат каби юксак фазилатларни ўз ҳаёт мезонига айлантиришга интилмоқдалар. Улар ўз билим ва иқтидори, фидойилиги ва ташаббускорлиги билан Янги Ўзбекистон хотин-қизларининг замонавий қиёфасини намоён этмоқда.
Бугун Зулфияхоним таваллудининг 111 йиллиги юртимизнинг барча ҳудудларида кенг нишонланмоқда. Бу – унинг номи ва ижоди халқ қалбида абадий яшашининг ёрқин далилидир.
Бугунги кунда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, таълим олиши ва касб-ҳунар эгаллаши учун кенг имкониятлар яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Олий таълим муассасалари талабаларининг 54 фоиздан ортиғини қизлар ташкил этаётгани, магистратура босқичида эса уларнинг улуши қарийб 66 фоизга етгани яратилган имкониятлар ва билдирилган ишончнинг амалий самарасидир.
Зеро, билимли аёл – маърифатли оила демак.
Маърифатли оила эса барқарор ва фаровон жамиятнинг мустаҳкам пойдеворидир. Қизларимизнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши, мустақил фикрлай оладиган, юксак маънавиятли шахс бўлиб камол топиши бу соғлом ва мустаҳкам оила барпо этишнинг муҳим шартидир.
Бугун биз учун энг долзарб вазифалардан бири оилаларни мустаҳкамлаш, никоҳ муқаддаслигини асраш, вафо ва садоқат қадриятларини ҳаётимизда янада мустаҳкам қарор топтиришдир.
Чунки, оила жамиятнинг асосий бўғини, миллат маънавиятининг бешигидир. Оилада ҳурмат ва ишонч, меҳр ва масъулият, сабр ва бағрикенглик устувор бўлса, бундай оилада камол топган фарзандлар ҳам ватанпарвар, ҳалол ва фидойи инсонлар бўлиб вояга етади.
Вафо ва садоқат бу шунчаки тушунча эмас, балки ҳар бир оиланинг маънавий устунидир. Бу фазилатлар халқимизнинг азалий қадриятлари билан уйғун. Зулфияхоним ҳаёти ва ижоди ҳам айнан ана шу пок туйғулар муҳаббат, садоқат ва вафонинг ёрқин намунасидир. Биз ёшларимизни нафақат билимли, балки оилавий масъулиятни теран англайдиган, вафо ва садоқатни ҳаёт мезони деб биладиган инсонлар этиб тарбиялашимиз зарур.
Мустаҳкам оила барқарор жамият гаровидир. Барқарор жамият эса тараққиёт ва фаровонликнинг ишончли кафолатидир.
Зулфияхонимнинг ибратли ҳаёт йўли бугунги кунда ҳам барчамиз, айниқса ёш қизларимиз учун жасорат, матонат ва эзгулик мактабидир. У кишининг маънавий мероси бизга ҳар қандай шароитда ҳам юксак мақсадларга содиқ қолишни, Ватан ва халқ манфаатини устувор билишни ўргатади.
ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.