Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тинчлик қадрини нотинчдан сўранг
14:07 / 2019-08-20

Тинчлик қадрини тинчликда яшаётганлар балки билмас.


Ёки тинчлик қадрига тинчликда етайлик!

Тинчлик қадрини тинчликда яшаётганлар балки билмас. Аммо уруш оловини кўраётганлар, хорлик, очлик, муҳтожликни бошидан кечираётганлар учун тинчлик нима? Бу на орзу ҳавас, на бойлик ва на бошқа ҳар қандай моддий неъматдан анча устун тушунча, орзу эканига шубҳа йўқ.

Ён-атрофда бўлаётган бундай ҳолатларга назар солиб мушоҳада қилиб кўрган, хотиржам яшаётган одам эса тинчликнинг қадрини ҳис қила бошлайди.

Ҳеч бир қўрқувсиз остона ҳатлаб кўчага чиқар эканмиз, мақсадлар сари дадил қадам ташлай оламиз, муаммо бўлса уни ҳал қилиш учун кураша оламиз, орзуларимизни рўёбга чиқарамиз, тўйлар, байрамлар қиламиз! Бундай онлар учун шукрона қилсак, яъни тинчлик қадрини тинчликда билсак ёмон бўлмасди.

Шу кунларда юртимизда Мустақиллик аталган улуғ байрам шукуҳи кезиб юрибди. Бу халқимизнинг дунёда ўз овозига эга бўлиш ҳуқуқини берган, ўз байроғини баланд кўтара олиш имконини берган миллий байрамдир!

Халқимиз бу байрамни ҳар йили муносиб кутиб олиш ва нишонлашга интилади. Байрам арафаси ва кунларида осойишталикни сақлаш, юртдошларимизнинг том маънода байрам қилиб, хурсандчилигини таъминлашга аҳамият кучайтирилади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 8 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида ҳам бу масалага алоҳида урғу берилган.

Қарор ижросини таъминлаш, байрам кунлари осойишталикни таъминлаш борасида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан барча зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

ЎзА мухбири ички ишлар органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари Муҳиддин ЖЎРАЕВ билан суҳбатлашди.

- Президентимизнинг қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрами мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг миқёсда нишонланиши режалаштирилган, - дейди М.Жўраев. – Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлигининг алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унда ички ишлар органлари олдида турган барча ташкилий, профилактик, тезкор-қидирув ва бошқа чора-тадбирлар қамраб олинган.

Байрам тадбирлари 230 жойда ўтказилиши режалаштирилган. Шундан 96 таси стадион, 56 таси истироҳат боғлари, 33 таси амфитеатр, 13 таси майдонлар, 13 таси давлат идоралари ва ташкилотлар майдонлари ва бошқа жойлардир.

Байрам ўтказилиши режалаштирилаётган объектлар, табиийки, шу куни одамлар билан гавжум бўлади. Байрам тадбирлари вақтида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш учун ички ишлар органларининг жами 24,5 мингдан дан ортиқ ходими ҳамда 1,8 мингдан зиёд Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва 12 мингга яқин жамоатчилик вакиллари жалб этилиши режалаштирилган.

Замонавий технологиялар ривожлангани сари улардан самарали фойдаланишга ҳаракат қилинмоқда. Хизматда фойдаланиш учун 2 мингга яқин металлодетектор, 5 мингдан ортиқ алоқа воситалари билан бир қаторда кузатув камералари, онлайн мулоқот орқали вазиятни назорат қилиш ҳам йўлга қўйилади. Бундай имконият хизмат олиб боришни енгиллаштириш билан бир қаторда байрам тадбирларида иштирок этаётган, турли нохуш ҳолатларга тушиб қолган фуқароларга тезкор ёрдам беришда ҳам қўл келади.

Авваллари байрам тадбирлари ўтказиладиган майдонлар атрофи тўрт халқа шаклида ўраб олиниб, қўриқлаган, бунга янада кўпроқ ходимлар жалб этилган бўлса, ҳозир бу бироз осонлашди. Яъни кўпроқ технологиялар воситасида вазиятни кузатишга шароит яратилгани иш олиб боришни қулайлаштирди.

- Байрамлар арафасида хавфсизликни таъминлаш учун чегараларни ёпиш, айниқса, пойтахтга келувчиларга нисбатан чеклов ўрнатиш каби чоралар қўлланиб келинган. Бу қанчалик тўғри ва бу амалиёт ҳозир ҳам мавжудми?

- Ҳақиқатан ҳам нафақат байрамларда, бошқа пайтларда ҳам эҳтиёт чораларини ҳаддан зиёд кучайтириб келинган. Бу бир қарашда қобиққа ўралиш, бошқача айтганда, коса тагига бекиниб олишга ҳам ўхшаган. Афсуски, бу амалиёт тўғри бўлмаганиниэркинлаштириш сиёсати яққол кўрсатди. Яқин қўшнилар билан ҳамкорлик алоқаларининг кучайтирилгани, ёпиб ташланган чегара постларининг очилиб, фуқаролар, тадбиркорларнинг бемалол ўтиб-қайтиши йўлга қўйилгани нафақат туризмнинг, балки ижтимоий-иқтисодий ривожланишда муҳим роль ўйнамоқда.

Биргина қўшни давлатлар билан бемалол борди-келди қилаётганимиз натижасида юртимизга кириб келувчилар сони кунига икки мингга яқинни ташкил этмоқда. Уларнинг асосий қисми туристлар бўлиб, улар томонидан қўпол қонунбузарликка йўл қўйиш кейинги бир йилда умуман қайд этилмади. Хусусан, қўшни Тожикистон Республикаси билан ана шундай эмин-эркин борди-келди йўлга қўйилганда кўпчилик хавф пайдо бўлишидан қўрққани сир эмас. Аммо четдан кириб келаётган шахслар ичида Ўзбекистонга бузғунчилик ниятида келган ёки терроситик хавф туғдирувчи бирорта ҳам шахс қайд этилмади.

Байрам арафасида пойтахтга кириб келувчиларга чеклов ўрнатиш амалиёти ҳам мавжуд эди ҳақиқатан. Аммо бу юртдошларимизга жуда кўп ноқулайликлар туғдириб келган. Чунки мамлакатимизнинг нафақат сиёсий, балки ижтимоий-иқтисодий маркази бўлган Тошкент шаҳри билан ҳудудлардаги аҳолини боғлаб турган алоқалар жуда кенг қиррали, албатта. Шуларни ҳисобга олиб ҳозирги кунда бундай амалиётга ҳам бутунлай чек қўйилган. Бу йил Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида ҳам, байрам кунлари ҳам пойтахтга келувчиларга нисбатан ҳеч қандай чеклов бўлмайди.

- Байрамлар арафасида “Тозалаш”, “Паспорт-виза” каби тадбирлар ўтказиб келинган. Бундай тадбирлар бу йил ҳам ўтказилдими?

- Бундай тадбирлар қонунийликни таъминлаш билан боғлиқ бўлгани учун доимий равишда ўтказиб келинмоқда. “Тозалаш” тадбирида қонунни бузиб қочиб юрган ёки қонунга зид ҳаракат қилаётган шахслар аниқланиб, жавобгарликка тортилиши таъминланса, “Паспорт-виза” тадбирида мамлакатда бўлиш қоидалари ёки Тошкент шаҳрида ўрнатилган тартибга риоя этиш аҳволи ўрганилади.

Ички ишлар органлари, хусусан профилактика хизматининг жамоатчилик билан ҳамкорлиги мустаҳкамлангани натижасида мамлакатимиздаги ҳар бир маҳалладаги вазият назоратда. Бу ҳар қандай қонунбузарликни тезкор аниқлаш имконияти ортаётганини англатади.

Ҳозирги кунда маҳаллалардаги таянч пунктлари сони ҳам кўпайтирилди. Айни пайтда уларнинг сони 4 минг 869 тага етказилди. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактикасини таъминлаш борасида “Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати” тизими асосида ҳар бир содир этилган жиноят шу куннинг ўзида кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиниши йўлга қўйилди. Бу содир бўлган ҳолатнинг асл сабабини аниқлаш, бунга барҳам бериш чораларини кўришга шароит яратди.

Ана шундай самарали ҳамкорлик натижасида жиноятчилик жорий йилнинг 6 ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 32,2 фоизга ёки қарийб 7 мингтага камайишига эришилди. Энг муҳими, 9 мингдан зиёд маҳалланинг 63,2 фоизида жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

Жамоат тартибини сақлаш одамлар гавжум бўладиган майдонлар, истироҳат боғлари, бозорлар ва савдо мажмуаларида доимий кузатув ва назорат ҳам ташкил қилинмоқда. Патруль-пост хизматининг мини кўчма буткалари жойларга ўрнатилгани содир бўлаётган ҳуқуқбузарликларни тезкор аниқлаш, аҳолига эса бундай ҳолатлар ҳақида хабар бериш имконини яратди.

Вазиятдан онлайн хабардор бўлиш ҳамда куч ва воситаларни онлайн йўналтириш мақсадида ходимлар планшетлар билан ҳам таъмиланган. Бу борада “Хавфсиз шаҳар” дастурий таъминоти ишга туширилган бўлиб, шу орқали хизматдаги ходимларни, автоэкипажларни JPS навигаторлари орқали бошқариш мумкин. Жойларда “Вазият марказлари” ҳам ишга туширилганки, шу орқали нарядлар хизматини тўлақонли бошқариш, айниқса тезкор мувофиқлаштириш, қолаверса мавжуд тезкор-маълумотлардан аниқ вақт режимида фойдаланган ҳолда патруллик йўналишларида фуқаролар ва буюмлар тўғрисидаги маълумотни текшириш имкони бор.

Ҳозирда патруллик хизмати орқали 1,6 мингдан зиёд маҳалла ҳудуди тезкор қамровга олинган. Шунингдек, аҳоли гавжум бўладиган бозор, йирик савдо марказлари ҳамда маданият ва истироҳат боғларидаги тезкор вазият тўлақонли назоратга олинган.

Бундан ташқари, аҳоли гавжум жойларга “SOS” ташвиш тугмалари ҳам ўрнатилмоқда. Бу орқали фуқаролар ҳуқуқбузарликлар ва фавқулотда ҳолатлар тўғрисидаги ҳудудий ички ишлар органларига зудлик билан хабар етказиши мумкин.

Патруль-пост хизмати орқали мамлакатимизнинг бутун ҳудуди шу тариқа қамраб олиниб, хавфсизлик таъминланаётгани туфайли кейинги пайтда аҳолига зарар етказадиган бирорта ҳам катта кўнгилсизлик кузатилмади.

Халқимизнинг катта шодиёна кунлари, байрамларида осойишталикни таъминлаш учун барча куч ва воситаларимиздан унумли фойдаланилгани натижасида уларнинг тинч ва шукуҳли ўтишига ҳисса қўшилмоқда. Шу йилнинг ўзида 45 миллион фуқарони ўзига жалб этган рухсат берилган 567объектда 82 мингга яқин оммавий тадбирлар шу тариқа ўтказилди.

Кўп ҳолларда айрим ёвуз ниятли кишилар одамлар тўпланган ёки хурсандчилик қиладиган пайтда ўзларининг ғараз ниятларини амалга ошириш, бирор жиноятни амалга ошириш, омманинг тинчлигига путур етказишни режалаштиради. Вазият ўз ҳолига ташлаб қўйилса, албатта, улар ўйлаган ниятига етади. Ходимларимиз ҳушёрлиги боис эса улар ниятига ета олмайди.

Патруль-пост нарядлари иштирокида жорий йилда 1,7 минг, хизмат ходимлари томондан эса 2 мингдан зиёд жиноят ўз вақтида фош этилгани буни яққол тасдиқлайди.

Жамоат жойларида содир этилган жиноятлар жорий йилнинг ўтган даврида 53,7, кўчаларда содир этилган жиноятлар эса 55,5 фоизга камайди.

Жамоат тартибини таъминлаш кучлари томонидан 529 нафар қидирувдаги шахслар ушланди. Мингдан зиёд оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар фош этилди.

Хулоса ўрнида айтиши мумкинки, байрам кунлари ҳушёрлик ва сергакликни ҳар доимгидан кўра оширилади. Зеро, халқимизнинг севимли байрами тинч ва осойишта ўтиши учун масъул эканмиз, бу йўлда тунни тонгга улаб хизматда бўламиз. Тинчликни сақлашга ҳисса қўшиш, унинг қадрига етиш эса шу заминда яшаётган ҳар бир фуқаронинг бурчидир.