Юртимизда баҳор нафаси, янгиланиш, яшариш фасли ҳар бир хонадонга, ҳар бир инсон қалбига кириб бормоқда. Ҳеч бир юртда биздаги каби фасллар алмашинувини кузатмайсиз. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонни жаннатга қиёслаймиз. Бунда айнан инкор қилиб бўлмас ҳақиқат бор, албатта.
Бу йилги Рамазон ҳайити байрам сифатида ўзгача нишонланмоқда. Сабаби аёлларни улуғлаш 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами ҳамда Наврўз байрами билан уйғунлашиб кетди дея оламиз. Президентимизнинг 2024 йил 7 мартдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” ги қарори халқимиз қалбини қувонч ва ғурурга тўлдирди. Халқимиз эзгулик ва шукроналик ойи бўлган Рамазонни муносиб кутиб олди ва юқори савияда диний-маърифий, маданий қадриятларни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида миллий анъана ва қадриятларга мос ҳолда ўтказишга эришди, дейиш мумкин.
Бу ойда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор кишиларни қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, муқаддас зиёратгоҳлар ва қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Яна муҳим бир жиҳат ибодатларнинг тўла-тўкис адо этилиши бўлди. Юртимиздаги икки мингдан зиёд масжидларнинг бир минг олти юзтасида таровеҳ намозлари ўқилди. Бу тадбирларни хотиржам, эмин-эркин ўтиши учун давлатимиз раҳбари ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан барча шароитлар яратиб берилди. Жумладан, аҳоли осойишталигини сақлаш мақсадида ички ишлар, миллий гвардия, ёнғин хавфсизлиги, тиббиёт ходимлари ҳамда маҳалла оқсоқоли, ёшлар етакчилари доим назоратда бўлди.
Рамазон ойи шарофати билан дўстлик, биродарлик, меҳр ва саховат туйғулари кучайди. Халқимизнинг меҳр, оқибат қадриятлари ифодаси сифатида беморлар, кексалар, ёрдамга муҳтож инсонларга ғамхўрлик кўрсатишга бўлган саъй-ҳаракатлари янада кўпайди. Жорий йил 25 март куни Наманган вилоятида мамлакат раҳбари иштирокида илк маротаба бутун республикамиз бўйлаб ифторлик ўтказилгани эса барча юртдошларимиз томонидан катта эҳтиром билан қарши олинди. Бугун дунёнинг бир қанча минтақаларида нотинчлик, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар содир бўлмоқда. Мана шундай паллада биз Аллоҳдан дунёда тинчлик ва осойишталик қарор топишини, гўзал диёримиздаги тинч-осуда ҳаёт бардавом бўлишини чин дилдан сўраб ихлос билан дуолар қилмоғимиз лозим. Барчамиз нафақат ибодатда балки кам таъминланган, бемор, боқувчиси йўқ инсонлар ҳолидан хабар олишга, уларга моддий кўмак беришга доим собит бўлмоғимиз даркор.
Айни дамларда юртимизнинг кўплаб фуқаролари муборак Умра амалларини бажариб, Рамазон ҳайити намозларини адо этишди. Муқаддас Каъба зиёратига муяссар бўлишди. Юртимиз равнақи, келажаги учун дуолар қилишди. Бунда ҳам буюк бир ҳикмат борки, у ҳам бўлса, инсонлар саломатлиги, юрт равнақи, миллатлараро дўстлик ва тотувликда ҳаёт кечиришдан иборатдир.
Фурсатдан фойдаланиб барча юртдошларимизни муборак Рамазон ҳайити байрами билан чин дилдан қутлайман. Юртимизда истиқомат қилаётган барча дин аҳилларини, жумладан, мўминларни Аллоҳ ўз фазли ила сийлашини сўрайман. Ватанимизнинг тинч-осойишта бўлишига тун-кун ўз ҳиссасини қўшиб, бош бўлиб келаётган Юртбошимиз ва барча масъул кишиларга доимий омонлик тилайман. Яратган жонажон Ватанимизни турли офат ва фитналардан ўз паноҳида асрасин. Байрамлар барчамизга муборак бўлсин.
Акмал қори Абдуллаев,
Тошкент шаҳри Сергели тумани
“Иттифоқ” жоме масжиди имом хатиби.