Тунги чироқлар оғушидаги шаҳар. Тинч юртнинг тунлари ҳам нурли ва файзли бўлади.
Кўп қаватли уйнинг ҳовлисида набирасини етаклаб юрган онахон. Юмушини тугатиб, оиласи даврасига ошиқаётган ота. Очиқ дераза ва пастда ўйнаётган болалар орасидан кенжатойини қидираётган она...
Бу янги Андижон – Бобур шаҳрининг тунги манзараси.
Умумий майдони қарийб тўрт минг гектар бўлган ушбу шаҳарнинг бош режасига кўра, бугун ҳам қурилиш ишлари босқичма-босқич олиб борилмоқда.
Шаҳарнинг 1 минг 439 гектарида 2 мингта кўп қаватли турар жой ва савдо маскани қад ростлайди. Шунингдек, 223 гектарда хизмат кўрсатиш, 1 минг 820 гектарда яшил ҳудудлар ташкил этилади. Бундан ташқари, замонавий йўл ва бошқа инфраструктура объектлари бўлади.
[gallery-22839]
Дастлабки босқичлар доирасида 5, 7 ва 9 қаватли 63 та уй қуриб битказилди. Тайёр хонадонларнинг кўпчилигига оилалар кўчиб келиб яшамоқда.
Куни кеча бу шаҳар катта байрамга – давлат раҳбари иштирокидаги халқ сайлига мезбонлик қилди.
Икром АВВАЛБОЕВ,
Рустам НАЗАРМАТОВ (сурат), ЎзА мухбирлари